Аввал хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва ижод йўлига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни муфтий Усмонхон Алимов кириш сўзи билан очиб берди. Муфтий шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёт йўли ва илмий фаолиятига тўхталар экан, мустақил Ўзбекистоннинг забардаст олимини устозим, деб атади.
Тадбир давомида шайх ҳазратлари асос солган «Ҳилол нашр» нашриётида чоп этилган Қуръони каримнинг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда Қуръони каримнинг адади ва тавсия этилган нархи маълум қилинди.
ЎМИ матбуот хизмати хабарига кўра, маросим сўнггида сўзга чиққан муфтий Усмонхон Алимов бундан кейин мажлис ва анжуманлар режасини тузишда албатта намоз вақтларини ҳисобга оламиз, деди.






