АсосийJamiyat

Етти йил деганда ота-онам билан дийдорлашдим

'Етти йил деганда ота-онам билан дийдорлашдим'ning rasmi

Кимдир хорижга ишга кетгани учун, яна биров ҳужжатларини тўғрилай олмай яқинлари дийдорини кўрмайди. Автомобилда бор-йўғи бир соатлик масофага, аммо ўтиш тақиқлангани учун виза тартибида бориб келишим лозим бўлган ота уйимга етти йилдан бери қадамим етмасди.

Асли отам самарқандлик, аммо тақдир тақозоси билан бир пайтлар Тожикистоннинг Панжакентига бориб, яшаб қолган. Ўша ерда уйланиб, уйли-жойли бўлган. Қариндош-уруғчилигимиз узилиб кетмасин, деган мақсадда мени Самарқандга узатишганди. 2010 йилда йўллар ёпилгач, бор-йўғи бир маротаба ота-онамни кўриб келдим. Бунинг учун аввал Тожикистоннинг Ўзбекистондаги эчихонасига бориб келишим, шундан сўнг Бекободга, ундан кейин Хўжандга, у ёқдан ўтиб, Панжакентга борадиган уловга минишим лозим эди. Шу тариқа тахминан 12 соат йўл юришимга тўғри келарди. Йўллар талабга жавоб бермайди. Қолаверса, у автобусдан бу автобусга чиқиш кишини ҳам моддий, ҳам жисмоний жиҳатдан қийнаб қўярди. Ака-укаларим, сингилларим билан доим телефонда мулоқот қилиб турдик. Яқинларингнинг дийдорини кўрмай, айниқса, ота-онанг ҳолидан хабар олмай яшаш машаққатини бошидан ўтказганларгина билса керак. "Қариндошлик ришталари мустаҳкамланишини истагандингиз, акси бўлиб, ота-болалик иплари ҳам узилиб кетяпти-ку", дердим алам билан отамга телефон орқали. Сабаби, кенжа фарзандим бобо-бувисини замонавий алоқа воситалари орқали кўрарди-да. Тўғри, оиламиз тинч, уч фарзандим, турмуш ўртоғим билан тотув яшаб келяпмиз. Ўзим ҳам Самарқанд шаҳридаги Хўжасоат маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаман. Аммо ота-она ҳақида гап кетгудай бўлса, кўзимга ёш келарди.

"Жартепа" ва "Саразм" ўтказиш масканлари очилишини эшитдим-у, телефон орқали яқинларимга бу хабарни етказдим. Улар ҳам очилиш маросимида иштирок этдилар. Қувонч ёшлари бизни ҳанузгача тарк этмайди. Ахир яқин инсонларингнинг дийдоридан улуғроқ неъмат борми? Ота-онам, оиламиз Президентимизни дуо қиламиз. Ота-она, фарзандларни дийдорлаштирган инсонни Аллоҳ қўлласин, деймиз.

Саодат АКРАМОВА,
Самарқанд шаҳри.

    Бошқа янгиликлар