АсосийJamiyat

Юртдошларимиз учун Умра мавсуми бошланди

'Юртдошларимиз учун Умра мавсуми бошланди'ning rasmi

Бугун 1 февраль кунидан ўзбекистонлик зиёратчилар учун муборак Умра сафари бошланди. Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизматининг маълум қилишича, бугун тонгда 230 нафардан иборат дастлабки (4 нафар ишчи гуруҳи, 3 нафар ошпаз, 2 нафар шифокор) гуруҳи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг замонавий авиалайнерида Саудия Арабистони Подшоҳлигига умра амалларини бажариш учун учиб кетдилар.

Жорий йилнинг 1 февраль кунидан 29 март кунига қадар ўзбекистонлик фуқароларни умра зиёратига кузатиш ва кутиб олиш режалаштирилган.

Баҳорги умра зиёратида жами 8500 нафар фуқароларимизнинг Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича 38 та чартер рейсида сафарлари ташкил этилади.

Баҳор мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 12 нафар ишчи гуруҳи, 170 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 42 нафар шифокор ва 12 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Зиёратчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни кутиб олиш ва меҳмонхоналарга жойлаш ишларини ташкил этиш мақсадида 27 январь куни ўзбекистонлик икки нафар ишчи гуруҳи аъзоси Саудияга учиб кетган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100-150 метр масофада жойлашган “Мааса ал-Бустон”, Макка шаҳрида эса “Харам масжиди”дан 600-650 метр узоқликдаги “Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналари тайёрлаб қўйилган. Меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси музлатгич, кондиционер ҳамда телевизор билан жиҳозланган.

Зиёратчиларимизнинг уч маҳал овқатланишлари учун қулайлик яратиш мақсадида меҳмонхоналарда ошхона, соғлиқларини доимий назорат қилиб туриш учун минишифохона ҳамда турли масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш учун ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча – 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар.


    Бошқа янгиликлар