Бухоро вилояти Бухоро тумани Ўзбакон қишлоғида яшовчи Насибали Юсуфалиев (исм-шарифи ўзгартирилган) банкдан ташқари валюта муомаласининг айланиши қонунга зид экани, қолаверса, бундай ҳаракатлар миллий иқтисодиётимизга зарар етказишини яхши биларди.
Бухоро шаҳрида валютага оид жиноятларни аниқлаш мақсадида амалга оширилган тезкор тадбирларнинг бирида Насибали “насибасиз” қолди.
У Бухоро вилояти марказида яшовчи Г.Р. исмли аёлга 1 АҚШ долларини 8160 сўмдан, жами 6700 долларни сотаётганда қўлга тушди. Холислар иштирокида унинг автомашинаси кўздан кечирилди. Автоулов кабинаси нақ митти “айрибошлаш шохобчаси” экан. Унда 2190 АҚШ доллари, 8500 Россия рубли ва 8 миллион 525 минг сўм пул борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Қонунга кўра, ноқонуний муомалада бўлган валюта давлат фойдасига мусодара қилинади. Бу ёғи жиноят ишлари бўйича судда ҳал бўлади.






