АсосийJamiyat

15-29 ёшгача бўлган инсонлар ўлимининг асосий сабаби айтилди

'15-29 ёшгача бўлган инсонлар ўлимининг асосий сабаби айтилди'ning rasmi

Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида йўл ҳаракати ҳодисалари оқибатидаги ўлим сони юқорилигача қолаяпти. Масалан, Қозоғистонда ЙТҲ туфайли ўлиш эҳтимоли Норвегиядан 11 баробар юқори экан. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Марказий Осиё минтақаси, Хитой, Мўғилистон бўйича транспорт ва АКТ департаменти лойиҳалар бошлиғи Алия Каракулованинг мақоласида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Дунё бўйича 15-29 ёшгача бўлган инсонлар ўлимининг асосий сабаби саратон касали эмас, юрак касали эмас, урушлар эмас, айнан йўл ҳаракати ҳодисалари экан.

ЙТҲ оқибатидаги ўлим ва тузатиб бўлмайдиган асоратлар қолдирадиган жароҳатларнинг юқори даражада эканлиги иқтисодиётда ҳам ўз аксини топиб, соғлиқни сақлаш ва давлат бюджетига қўшимча босим туғдиради. Хусусан, йўл ҳаракати ҳодисаси оқибатидаги ўлим туфайли Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётиниг йиллик йўқотишлари ялпи ички маҳсулотнинг 3-4 фоизини ташкил этади, деб ёзади эксперт.

Энг муҳими бу эмас, чунки бундай фожиалар бошқа одамларнинг ҳам ҳаётини издан чиқариб юбормоқда. Масалан, ЙТҲ қурбонларининг учдан икки қисми 18-44 ёш ўртасидаги эркаклар, яъни оила боқувчиси ҳиссасига тўғри келиши аниқланган. Ўз боқувчисини йўқотган фарзандлар эса мактаб ёки университетни ташлаб кетиб, оиласини тебратиш учун ишлашга мажбур бўлиши, табиий. Кўп ҳолатларда улар ўз ҳаётини яхшилаш, келажак орзуларига интилишдан ҳам воз кечишларига тўғри келаётир.

Мақолада таъкидланишича, Швеция, Норвегия ва Шарқий Европа мамлакатларида йўлларда жароҳатланишни қисқартириш борасида салмоқли ўсишга эришилган. Швеция биринчилардан бўлиб “Vision ZERO”(“Мақсад - ноль”) деб номланган миллий хавфсизлик дастурини амалиётга жорий этди. Бундан кўзланган мақсад йўлларда ўлим ва жароҳатланиш миқдорини ноль даражагача туширишдир.

Жаҳон банки эса мамлакатларнинг мазкур йўналишидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаяпти. Масалан, Қозоғистонда “Шарқ-Ғарб” йўлини реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилаётир. Унга кўра Балхаш ва Бурилбайтал ҳудудларини боғловчи участка учун “I-RAP” усулини қўллаган ҳолда лойиҳа ечимлари берилди. Натижада ушбу участканинг лойиҳа-смета ҳужжатларига хавфсизликни кучайтириш бўйича ўзгартиришлар киритилди ва бу қурилиш ишларида албатта инобатга олинади. Зеро, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, оддий ва унча қиммат бўлмаган муҳандислик ечимлари минглаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Ўз навбатида лойиҳа доирасида мутахассисларга лойиҳалаш, қурилиш ва йўлларнинг очилиши босқичларида йўл хавфсизлигини аудит ҳамда инспекция қилиш кўникмалари ўргатилди.

Экспертнинг айтишича, Марказий Осиёда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида сезиларли яхшиланишлар кузатилаяпти, аммо ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп.

Маълумот ўрнида айтиш этиш лозимки, Ўзбекистонда ҳам бу борада ижобий динамика кўзга ташланмоқда. Масалан, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, 2017 йилда ЙТҲ сони 2016 йилга нисбатан ўртача 10 фоиз камайган.

    Бошқа янгиликлар