АсосийJamiyat

Иқтидорли ёшларнинг ноёб ихтиролари

'Иқтидорли ёшларнинг ноёб ихтиролари'ning rasmi

Бухоро Автомобиль ва йўллар коллежида “2018 йил - Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан техник конференция бўлиб ўтди.

- Ушбу техник-транспорт воситасини ясаш учун тинимсиз изланди. Ярим йилдан кўпроқ вақтни металлар йиғишга сарфладим, десам адашмайман.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланишга қулай ва ихчам бу трактор ёрдамида 3-4 литр ёнилғи билан 15-20 сотх ер майдонини ағдариш, уни бараналаш ва лозим бўлса, ҳосилни йиғиш ишларини ҳам амалга ошириш мумкин,-дейди транспортларни ташиш ва бошқаришни ташкил этиш йўналиши 3-босқич ўқувчиси Шаҳзод Жабборов.

Қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини оширишдан ташқари, ҳовли ичидаги боғ ва гулзор майдонларини ҳам ағдариш, бараланаш ва ишлов беришга мослаштирилган бу техник восита ихтирочиси Шаҳзод Жабборов унинг сонини ошириш йўлида изланаётганини билдирди. Бир нечта фермер хўжаликлар билан битирувчи коллеж ўқувчисининг шартномалар имзолашга муваффақ бўлгани техник конференциянинг энг диққатга сазовор жиҳати бўлди.

Шаҳзод сингари 14 нафар иқтидорли ёшлар иштирок этди. Ўз кўргазмаси билан қатнашган Бухоро нефть ва газ коллежи ўқувчиси Раҳматилла Ҳожиевнинг “Қуёшли сув коллекторларини тадқиқ этиш ва оптимал қуёшли иситиш тизимини яратиш” лойиҳаси ҳам диққат марказда бўлди. “Бундан кўзланган мақсаднинг устунлик жиҳати – яшаш жойларини сув коллекторларини билан таъминлаш иссиқлик тизимига уланишни талаб этмайди. Коллекторда йиғилган ёмғир ва қор сувлари ички қайта ишлов бериш ускунаси орқали оддий қувурлар ёрдамида уйларга тарқатилади”,-дейди Раҳматилла ўз кўргазмали макетига изоҳ берар экан.

Техник конференцияда Аҳмад Аҳмедов, Беҳруз Тўхтамишев, Мизроб Наврўзов, Отабек Иноятов, Зафар Камолов каби ёш ихтирочилар ишлари муносиб баҳоланди. Ҳар бирининг ишланма, лойиҳалари доимий равишда тажрибали мутахассислар диққат марказида бўлиши, яратувчанликларини қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш бугунги куннинг долзарб талаби эканлиги таъкидланди.

14 нафар иштирокчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши томонидан муносиб тақдирланди. Ўз ихтироси ва яратувчанлиги билан пешқадам бўлган Шаҳзод Жабборов таълим муассасаси томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.

Абдулла Ражабов

Бухоро

    Бошқа янгиликлар