АсосийJamiyat

ИШЛОВЧИ ПЕНСИОНЕР-ШИФОКОРЛАРГА ПЕНСИЯ ТЎЛИҚ ТЎЛАНАДИ

'ИШЛОВЧИ ПЕНСИОНЕР-ШИФОКОРЛАРГА ПЕНСИЯ ТЎЛИҚ ТЎЛАНАДИ'ning rasmi

2018 йилнинг январь ойидан бошлаб, ишловчи пенсионер-шифокорларга пенсия 100 фоиз миқдорда тўланади. Бу Президентнинг 2017 йил 29 декабрдаги қарори билан белгиланди.

Илгари қуйидаги тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланар эди:

  • уруш ногиронлари ва қатнашчиларига, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт орқасида ишлаган шахсларга, I ва II гуруҳ ногиронларига, Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқароларга;
  • шунингдек, фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раисларига, уларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчиларига, «Нуроний» жамғармасининг барча ходимларига.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилинишича, мазкур ҳужжат асосида соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатиб келаётган 11 минг нафардан зиёд ишловчи пенсионер-шифокорларга пенсиялар тўлиқ тўланадиган бўлди. Бундан қишлоқ ва олис туманлардаги тиббиёт муассасаларининг шифокорлар билан таъминланганлик даражасини яхшилаш, вакант ўринларни малакали мутахассислар билан қоплаш, шифокорлар меҳнатини янада рағбатлантириш, тиббий хизмат узлуксизлигини таъминлаш мақсад қилинган.

Илгари тиббиёт муассасасида ишлаётган пенсионер шифкорлар ҳар ойда 50 фоиз миқдорида пенсия оларди. Янги тартибга кўра, олинаётган пенсиянинг умумий миқдори икки маротабага ортди. Масалан, рентгенолог-шифокор ҳар ойда ўртача 500 минг сўм ҳисобидан, бир йилда жами 6,0 миллион сўм пенсия олган бўлса, 2018 йилда эса икки баробар кўп — 12,0 миллион сўм пенсия олади.

Ҳозирда туман (шаҳар) Пенсия жамғармаси бўлимларидаги шифокор пенсионерларнинг Ф-25 шаклдаги топшириқномаларига пенсия миқдорини 100 фоизга етказиш юзасидан тегишли ўзгартиришлар киритиш чоралари кўрилмоқда.

Амалда ўрнатилган тартибга мувофиқ, 2018 йилнинг январь ойи учун барча ишловчи шифокор-пенсионерларга 100 фоиз миқдордаги пенсия тўлови февраль ойида иш ҳақининг иккинчи қисми тўлови амалга ошириладиган муддатларда тўланади.

    Бошқа янгиликлар