Саховатпеша, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, шифокор-реаниматолог ҳамда жамоат арбоби, асли россиялик бўлган, аммо АҚШда яшаган Елизавета Глинканинг савоб ишлари ва яхшиликка ундовчи сўзларини ҳавола этмоққа қарор қилдик, деб ёзади Letidor.ru нашри.
Марҳума ўтган йили Қора денгиз узра авиаҳалокатда ҳалок бўлган эди.
Афтидан, бутун умри давомида Елизавета Глинка ўз ҳаётини эзгу ишларга бағишлаганди. У ҳеч ким ёрдам беришни истамаган инсонларга мадад қўлини чўзди. Унинг асосий беморлари – ҳеч кимга кераксиз, ночор, ўлимга маҳкумлардир. Улар фақат доктор Лизага керак эди. Ҳар куни доктор Лиза кичкина бўлса-да, недир мўъжизага қўл урарди. Бугун эса бу чинакам инсон орамизда йўқ. Биз унга марсия ўқиб ўтирмоқликдан кўра, унинг эзгу ва савоб ишларини эслашни маъқул кўрдик. Ҳам фахрланмоқ, ҳам ибрат олмоқ учун-да бу инсонни хотирлаймиз.
Паллиатив тиббиёт билан шуғуллана бошлади
Паллиатив тиббиёт бедаво дардга чалинган, ўлимга маҳкум бўлган инсонлар ва уларнинг яқинларига ҳам руҳан, ҳам жисмонан ёрдам бериш билан шуғулланади.
Маълумоти бўйича Елизавета Петровна — болалар жарроҳ-анестезиологи эди. Агар шу соҳадан кетганда, ажойиб шифокор бўларди. Лекин тақдир тақозосини қарангки, АҚШда тиббиёт дипломини олиб, тасодифан паллиатив ёрдам бўлимига тушиб қолди.
“Бу воқеа анча йил илгари бўлганди, паллиатив ёрдам бўлими қандай жой эканини хаёлимга ҳам келтиролмасдим. Вивеска олдида туриб, бу қандай жой, деб сўрадим. Эрим, “Бу ер ўлимга маҳкумлар жойи”, деди”.
Елизавета Петровна ўлимни ёқтирмайди эмас, ҳатто ундан нафратланишини бир неча маротаба такрорлаганди. Лекин ўшанда у ўзини қўлга олиб, ичкарига киради. У бу ҳақда шундай деган эди:
“Берлингтондаги кичкинагина хосписни – 24 та беморнинг ҳар қандай истагини бажо келтираётган тиббий ходимларини, ўлим остонасидаги одамларнинг топ-тоза, тўйиб овқатланганини, хуш-хандон эканликларини кўриб, ҳаётим тубдан ўзгарди”.
Беш йил давомида Елизавета Петровна кўнгилли сифатида хосписга келади ва даволашни эмас, ғамхўрлик қилишни ўрганади. Америкада илк паллиатив тиббиёт бўйича мутахассислик очилганда, биринчилардан бўлиб, таълим олади. 1999 йили Киевда онкология касалхонасида биринчи хосписга асос солади.
“Менинг ички двигателим – бу меҳр-муҳаббат. Беморларимизни жудаям яхши кўраман. Аслида мен ва хосписда ётган Марьиванна ўртасида фарқ битта: у қачон ўлишини билади, мен эса билмайман”.
Ўз беморининг боласини қарамоғига олди
Саратовлик 13 ёшли Илюша 2008 йили Глинка оиласида дунёга келди. Доктор Лизанинг бемори вафот этгач, Ильянинг онаси ўсмирни болалар уйига жўнатмоқчи бўлади. Дафн маросимидан сўнг дарҳол Елизавета Петровна органга бориб, болани ўз қарамоғига олишга ариза беради.
Ҳозир Илья 22 ёшли йигит. Уч йил аввал у Елизавета Петровнага илк невара совға қилди. Ижтимоий тармоқдаги саҳифасига Илья онаси билан тушган суратини қўйиб, “Ишонгим келмайди”, деб ёзди.
Жанговор ҳаракатлардаги ҳудудлардан юздан ортиқ болани олиб чиққан
Доктор Лиза Украинадаги жанговор ҳаракатдаги зоналардан икки йил тўхтовсиз болаларни олиб чиққан. Шу вақт ичида юздан ортиқ митти беморларни қутқарган.
“Сноб” нашрига ёзган мақоласида журналист Ксения Соколова шундай эслайди. Ўшанда у Елизавета Петровнани Донецкка кузатиб борганди. У ердан улар 13 та болани олиб чиқишлари керак эди, аммо 10 тасинигина олиб чиқишади. Яна 50 та болакай ёрдам кутиб қолишади. Ҳаммасини нега бирданига олиб чиқиш мумкин эмас, деган саволга доктор Лиза шундай жавоб қилади:
...биз фақат битта автобус олишимиз мумкин, колоннани ўққа тутишлари турган гап.
Доктор Лиза бундан ташқари Донбассдан яна 17 болани Москва касалхоналарига олиб келди.
Ульяновскда илк болалар паллиатив бўлимини очди
Ульяновск Елизавета Петровна Глинкани ҳеч қачон унутмайди. Айнан доктор Лизанинг шарофати билан 2013 йили шу махсус болалар уйида илк болалар паллиатив бўлими очилди. “Российская газета”га берган интервьюсида Глинка шундай дейди:
“Мен мазкур бўлимни бошқараман. Болалар нафақат кислород концентраторлари, тагликлар ва бошқа зарур дори-дармонлар, балки қўлетмас керакли материаллар била таъминланишини истайман. Ҳеч кимга сир эмаски, бунақа жойлар қолдиқ ҳаражатлар ҳисобига қопланмоқда. Бу болаларни ҳеч ким қарамоғига олмайди, улар ҳеч қачон тузалиб кетмайдилар. Аммо улар ўзларини бамайлихотир ҳис этишлари учун уларга мадад қўлини қўзиш мумкин-ку. Агар нафаси қисса, кислород бериш, ноқулай ўтирган бўлса, қулайроқ бўлишига кўмаклашиш лозим. Хориждаги хосписларда кўплаб махсус қулайликларни кўриш мумкин, бизда эса бундай эмас. Ахир, ишни нимадандир бошлаш керак-ку...”
Доктор Лиза Россиянинг барча ҳудудларидаги ҳар бир махсус болалар уйида мана шундай бўлимларни очиш ниятида эди.
Жанговор ҳаракатлар зонасига дори-дармонлар олиб келган
“Адолатли ёрдам” фондида тасдиқлашдики, ўзининг охирги рейсида Елизавета Петровна Латакиядаги университет госпиталига онкологик беморлар, янги туғилган чақалоқлар учун дори-дармонлар олиб борган. Ўлимидан сал илгари Кремлда давлат мукофоти топширилишида Елизавета Петровна шундай нутқ сўзлади:
“Донбассда ўлдирилган ва ярадор болаларни кўриш мен учун оғир. Суриядаги бемор ва ўлдирилган болалар. Оддий шаҳарлик аёл ҳаётини бегуноҳ инсонлар қони тўкилаётган 900 кунлик уруш даврига ўзгартириш мушкул ҳолат”.
Ҳайҳот, доктор Лиза нима деяётганини яхши тушуниб турарди. Нутқ сўнгидаги сўзлари ҳам гўё башоратмонанд эди:
“Ортга тирик қайтишимизга ишончим комил бўлмаган, чунки уруш – ер юзидаги дўзахдир. Мен нима деяётганимни яхши англаб турибман. Лекин шунга аминманки, эзгулик, меҳр-муҳаббат, яхшилик ҳар қандай қуролдан кучлироқдир”.
Доктор Лиза 2016 йилнинг 25 декабрь куни уруш бўлаётган Сурияга дори-дармон олиб кетаётганда, Сочи яқинида авиаҳалокатга учраб, ҳалок бўлди.






