АсосийJamiyat

ИСЛОМ КАРИМОВ ҲАҚИДА ЯНГИ МАЪЛУМОТЛАР ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ (ФОТО)

'ИСЛОМ КАРИМОВ ҲАҚИДА ЯНГИ МАЪЛУМОТЛАР ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ (ФОТО)'ning rasmi

Ислом Каримов фонди Ўзбекистон Биринчи Президентининг оиласига дахлдор янги фотосурат ва маълумотларни Facebook’даги саҳифасида эълон қилди.

Каримовларнинг ушбу оилавий фотосурати 1928 йилда — Ислом Каримов таваллудидан 10 йил аввал олинган. Суратда Биринчи Президентнинг отаси Абдуғани ота (1894 йилда туғилган) ва онаси Санобар ая (1902) ҳамда опа-акалари — Меҳринисо (1920), Амонулло (1922), Ибодулло (1926) акс этган.

Бу оилада саккиз фарзанд ўсиб улғайган: бир қиз — Меҳринисо ва етти ака-ука: Амонулло, Ибодулло, Арслон, Қуддус, Икром, Ислом, Хуршид.

Фонднинг ёзишича, хизматчи бўлиб ишлаган Абдуғани ота вазминфеъл, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам қаттиққўл, талабчан эди. «Аввало ўзи қатъий интизом ва тартиб-қоидага риоя этган ота фарзандларидан ҳам шуни талаб қилар эди. Маҳалла-кўйнинг эҳтиромини қозонган эди», — дейилади Facebook’даги хабарда.

Санобар ая эса уй бекаси бўлган. У киши насл-насабли оилада таваллуд топган бўлиб, падари бузрукворлари мулла-шариф — ўз даврининг мў’табар уламоларидан эди. Фонд хабарида қўшимча қилинишича, «билимга чанқоқлик, кучли хотира, зукколик ва сабр-тоқат каби фазилатлар бутун умр Санобар аяга йўлдош бўлди».

Каримовлар оиласида барча ўғил фарзандлар олий маълумот олган, улардан уч нафари мактабни олтин медалга битирган, уч нафари — Ибод Ғаниевич, Қуддус Ғаниевич ва Ислом Абдуғаниевич фан номзоди бўлган. Кейинроқ Ислом Каримов академик даражасини олди.

«Барча ака-укалар жуда кучли хотирага эга эдилар. Бу қондан қонга ўтиб келган фазилат бўлса не ажаб. Ака-укалар ўзаро мусобақалар ўтказишар, масалан, бирор матн ўқилиб, уни ёддан айтиб бериш борасида беллашилар эди. Кейинроқ ака-укалардан бири олий ўқув юрти ўқитувчиси, бири судья, бошқалари хизматчи, олим ва… Президент бўлди», — дейилади фонд хабарида.

Фонд хабари қуйидаги сўзлар билан якунига етган: «Зиёли бу оилада ўғилларнинг муносиб таълим олишига бирламчи вазифа сифатида эътибор қаратилган эди. Вақтнинг ўзи бу ҳаётий тутум қанчалар тўғри бўлганини кўрсатди».

    Бошқа янгиликлар