Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши “Ёшлар пресс-клуби”да 16-17 декабр кунлари бўлиб ўтадиган “Имидж” ёш дизайнерлар телевизион танлови олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида танловнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳамда унда кутилаётган натижалар ҳақида сўз борди.
— Мазкур танловда ёш дизайнерлар қуйидаги икки йўналиш бўйича ўзаро беллашади: биринчи йўналиш, мактаб формаси моделлари ҳамда иккинчи йўналиш, “Ёшлар иттифоки” логотипи билан эркин кийимлар, аксессуарлар дизайнини яратиш, — дейди Ёш дизайнерлар Кенгаши раҳбари Дилноза Умирзоқова. — Шунингдек, танловда профессионал ҳамда ҳаваскор дизайнерлар иштирок этади. Жорий йилнинг ноябр ойи давомида иккала йўналиш бўйича эскизлар қабул қилинди ҳамда 1-декабр куни мутахассислардан иборат ҳайъат аъзолари жами 983 нафар иштирокчидан 20 нафар иштирокчини танлаб олди. 10 кун давомида эса Ёш дизайнерлар Кенгаши томонидан танлаб олинган дизайнерларнинг ғояларини мукаммаллаштириш, матолар танлаш ва андозаларини ишлаб чиқишга кўмаклашилди ва 70 та модел тайёрланди.
— “Имидж” ёш дизайнерлар телевизион танловида дизайнер сифатида иштирок этмоқдаман. Яратган тўпламларим 3 қисмга бўлинади. 1-қисмда 1-синфдан 4-синфгача бўлган ўқувчилар учун мактаб формаси, 2-қисмда ўрта синфлар яъни 5-синфдан 8-синфгача бўлган ўқувчилар учун мактаб формаси, 3-қисмда эса бу катталар яъни 9-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар учун мўлжалланган мактаб формаларидир, — дейди К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 3-босқич талабаси, танлов иштирокчиси Моҳинур Туропова. — Яратган тўпламларимда, асосан рангларга, бичимга ва энг асосийси, ўқувчилар учун қулай бўлишини инобатга олганман. Улар ҳар томонлама ўқувчиларга мос бўлиши керак. Мактаб формалари нафақат дизайни билан балки сифат томонлама ҳам талабга жавоб бериши лозим. Бу янги коллекциямни яратиш жараёнида ўқувчиларнинг антропологик хусусиятларига эътибор қаратдим яъни уларнинг ривожланишига қараб, бичимларни танладим. Шунингдек, рангларни ҳам шунга мослаштиришга ҳаракат қилдим. Чунки Ўзбекистон ҳаво иқлимини ҳисобга олган ҳолда тўпламларим учун тўқроқ ранглардан фойдаландим. Булар тўқ кўк, тўқ кулранг ва тўқ анор рангларидир. Бу ранглар биринчи ўринда бир-бирлари билан яхши чиқишади ҳамда ҳозирги замон талабига жавоб беради. Танлаган рангларим эътиборни жуда жалб этмайди. Бичимлар эса ўзбек миллий менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда қилинган. Ўйлайманки, мактаб формалари бўйича тайёрлаган тўпламларим барчага манзур бўлади
Эслатиб ўтамиз, ёш дизайнерлар тақдим этган ишлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан http://yi.uz/site/votes манзилида халқ овозига қўйилган. Албатта, овоз беришни унутманг!






