Виллаш-Боаш нега кетди?
Португалиялик мутахассис Андре Виллаш-Боаш «Шанхай СИПГ»даги фаолиятига якун ясади ва клубни тарк этишга қарор қилди. Бу ҳақда ОФК расмий сайти хабар берди. Виллаш-Боаш буни футболдан дам олмоқчи экани билан изоҳлади. Шанхайликлар унга яна 1 йиллик шартнома таклиф қилган бўлса-да, мутахассис келишувни узайтиришни истамади.
Аввалроқ Андре Виллаш-Боаш январь ойида старт оладиган Dakar Rally пойгаларида иштирок этиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди. Буни мутахассиснинг ўзи ҳам тасдиқлади. 40-бор ташкил этилаётган Дакар пойгаларига бу сафар Перу мезбонлик қилади ва унда Виллаш-Боаш Toyota Hilux жамоаси сафида машина ҳайдайди.
Пойгаларда иштирок этиш Виллаш-Боашлар оиласи учун янгилик эмас, деб ёзади ОФК сайти. Унинг амакиси Педро спортнинг мазкур турида анча таниқли инсон ҳисобланади.
Ўз вақтида «Порту», «Челси», «Тоттенҳэм», «Зенит» каби Европанинг машҳур жамоаларига устозлик қилган Андре Хитой клуби билан 1 йил аввал келишувга эришганди. Унинг бошқарувида «Шанхай СИПГ» Осиё Чемпионлар Лигасининг ярим финалига қадар етиб борди ва бўлажак чемпион — Япониянинг «Урава Редс» клубидан енгилди. Хитой Суперлигасида шанхайликлар вице-чемпион бўлди. Бунда Виллаш-Боаш жамоаси Сколари бошчилик қиладиган «Гуанжоу Эвергранд» билан рақобатда ютиб чиқа олмади. Мамлакат Кубоги финалида ҳам омад «Шанхай СИПГ» клубидан юз ўгирди.
Шунга қарамай, Виллаш-Боашнинг фаолияти яхши кечди дейиш мумкин. Унинг бошқарувида «Шанхай СИПГ» ўзи иштирок этган барча мусобақаларда етакчилар қаторида турди ва ўз тарихидаги энг яхши натижалардан бирини қайд этди.






