- Ҳарид қилинган кўкатлар бир неча кун ичида кўринишини йўқотмаслигини истасангиз, уйга олиб келгач, илдиз қисмини кесиб ташланг.
- Музлатгичга жойлаштираётганда нам сочиққа ўраб, сўнг целлофан халтага солсангиз, сўлиб қолмайди.
- ртиб қолган кўкатларни зар қоғоз (фольга)га ўраб, яххонага жойлаб қўйинг. Фойдаланишдан олдин 2-3 дақиқа тузли сувга солиб қўйсангиз, яна барра кўринишга келади.
- Шивит ва кашнич музлатгичнинг пастки қаватида 4-5 кун, кўк пиёз, барра саримсоқ, петрушка ва салат барги эса 3 кунгача кўринишини йўқотмайди.
- Кўк пиёз ва барра саримсоқнинг бандини кесиб олиб, қуруқ сочиқда артинг. Сўнг зар қоғозга ўраб, музлатгичга қўйинг. Бу тариқа кўкатлар сифати бузилмайди.
- Шивит ва кашнични майда тўғраб, озроқ туз билан аралаштиринг-да, шиша банкага солинг. Бу кўринишда кўкатли аралашма узоқ вақт сақланиши мумкин.
- Безак ўрнида фойдаланишни истасангиз, тўғралган кўкатларни муз бўлаклари учун мўлжалланган идишчаларга солиб, устидан эритилган сариёғни қуйиб чиқинг. Қотгач, яххонага теринг. Дастурҳонга тортишда таом юзасига сариёғли кўкатни жойлаштирасиз.
- Таомга хушхўр таъм беришни истасангиз, тўғралган кашнич қўшинг. Ушбу кўкат мош қўшилган овқатлардан ташқари барча таомларда ишлатилади.
- Лағмон ва уйғурча услубда тайёрланадиган таомларга эса селдерей қўшилса, таъми ўзгача бўлади.
- Майонезсиз салатларга ялпиз, кўк пиёз, барра саримсоқ, кашнич ва райҳон баргини қўшиш мумкин. Бу кўкатлар ўсимлик ва зайтун ёғи билан бир-бирига мос тушади.
- Майонезлиларига эса салат барги, кўк пиёз, шивит ва кашнич солиниши мумкин. Барра саримсоқ майонез билан таъсир кучини йўқотиб, салат таъмини ўзгартириши мумкин.
- Пишлоқ ва бринза қўшилган егуликларга асосан шивит ва салат барги ишлатилади.
- Сабзавотли, масалан, бодринг, помидор, карам ва сабзили салатларга эса кўк пиёз, барра саримсоқ ва кашнич тавсия этилади.
- Зираворлар таъсирида таом ҳиди ўткирлашиб қолгандай туюлса, майда тўғралган кўк пиёз ва шивит аралашмасидан фойдаланинг. Кўкатлар аралашмаси ўткир ҳидни «кесади».
- Барча кўкатларни исталган шаклда тўғраш мумкин. Аммо салат барги ҳамиша йирик шаклда кесилади. Агар майдаланса, шарбати ажралиб, кўринишини йўқотиши мумкин.
30.11.2017 20:23
КЎКАТЛАРНИ ТЎҒРИ САҚЛАШ ВА ФОЙДАЛАНИШНИ ЎРГАНАМИЗ!






