5 март куни Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Намик Гюнер Эрпул элчихона биносида матбуот анжумани ўтказди. Ўтган ҳафта элчи Ўзбекистон Республикаси Президентига ишонч ёрлиқларини тақдим этиб, мамлакатимизда ўз фаолиятини бошлади.
Журналистлар билан учрашув чоғида элчи Туркия-Ўзбекистон алоқалари ва келгусида амалга ошириши кўзда тутилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Элчининг таъкидлашича, Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 16 декабрь куни биринчилардан бўлиб Туркия тан олган ва дипломатик алоқала 1992 йил 4 март куни ўрнатилган.
Элчихона биноси 1992 йилда ўша пайтнинг Президенти марҳум Тургут Ўзалнинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи чоғида Президент Ислом Каримов томонидан Туркияга элчихона биноси сифатида берилган эди.
Алоқаларимизнинг ҳуқуқий асосини ташкил этиш учун Ўзбекистон билан бугунга қадар 100 дан ортиқ шартнома ва битим имзоланган. Булардан энг муҳими 1996 йил 8 май куни имзоланган ва Туркия Парламенти томонидан 1996 йил 15 май куни ратификация қилинган “Абадий дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси”дир.
Жаноб элчи илк босқичда Ўзбекистон билан ўзаро юқори даражадаги ташрифлар сонини орттириш ва бу ташрифларда ҳар икки томоннинг ҳам манфаати учун хизмат қиладиган, алоқаларнинг мустаҳкам асосларда келажагини таъминлайдиган аниқ ҳамкорлик соҳаларини белгилаб олиш алоқалар муносиб даражага олиб чиқилишида муҳим бир мезон бўлишига ишонч билдирди.
Сиёсатдан иқтисодиётга, санъатдан спортга, маданиятдан фуқаро жамияти лойиҳаларига қадар кенг кўламда Ўзбекистон билан диалог каналларини кўпайтириб, икки давлат ва икки халқ ўртасидаги алоқаларни жонлантириш мақсад қилинди.
Бу икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 2013 йилда олдинги йилга нисбатан тахминан 8 фоизлик юксалиш билан 1 миллиард 250 миллион долларга етган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 450 нафарга яқин турк сармояли компания ва фирма мавжуд бўлиб, бу фирма ва компаниялар енгил саноат, қурилиш ва қурилиш материаллари, озиқ-овқат, меҳмонхона хўжалиги, пластик маҳсулотлари, фармацевтика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Жами қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган ушбу инвестицияларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига йилига 300 миллион долларга яқин маҳсулот экспорти ва 50 минг кишилик иш ўринлари яратганлиги билан ҳисса қўшгани тахмин қилинмоқда.
Туркиянинг қурилиш компаниялари Ўзбекистонда 1991-2013 йилллари орасида тахминан 2 миллиард долларлик пудратчилик ишларини бажардилар. Аэропортлар, меҳмонхоналар ва муҳим давлат объектлари иншоотининг бир қисми фирмаларимиз томонидан амалга оширилди.
Бироқ ушбу рақамлар ҳақиқий имкониятларни акс эттирмагани бир ҳақиқатдир. Ўзбекистон билан иқтисодий ва савдо алоқалари янада кўп вақт йўқотмасдан муносиб нуқтага кўтарилиши лозим, дея таъкидлади элчи. Бу борада мақсадлар белгилаб олиш учун икки давлат ўртасида Қўшма иқтисодий комиссия йиғилишини ўтказиш, шунингдек, икки давлат бизнес дунёсининг бир-бири билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилишлари учун ўзаро ташрифлар, бизнес форумлар ва ярмаркалар ўтказиш режалаштирилган.
Туризм соҳасида қурилиш ва мехмонхона хўжалиги соҳаларида турк инвестициялари учун катта имкониятлар мавжуд. Жаҳон миқёсида муваффақиятли лойиҳаларни амалга оширган турк фирмалари қўядиган сармоялар Ўзбекистон иқтисодиётига катта ҳисса қўшиши аниқ.
Шунингдек ўз нутқида элчи Ўзбекистон билан иқтисодий ва савдо алоқаларни қисқа вақт ичида муносиб даражаларга етказиш учун турк томони сифатида барча ишларни бажаришга тайёр эканлигини айтиб ўтди.





