MICROSOFT КОРПОРАЦИЯСИНИНГ МДҲ МАМЛАКАТЛАРИДАГИ БОШ ДИРЕКТОРИ РОНАЛЬД БИНКОФСКИ ЎЗБЕКИСТОНДА
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Microsoft корпорациясининг МДҲ мамлакатларидаги бош директори Рональд Бинкофски билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, давлат бошқарувида булутли технологияларни, юридик ва жисмоний шахслар учун Microsoft ечимларини жорий қилиш, Microsoft дастурий маҳсулотларини легаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар таълим тизимидаги ҳамкорлик, хусусан талабалар ва аҳолини ўқитиш тизимини ташкил этишда Microsoft сервис ва маҳсулотларидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилдилар.
Microsoft делегацияси ташрифи доирасида семинар ташкил этилди. Унда корпорациянинг Европа бош офисидан келган юқори малакали экспертлар электрон ҳукумат қуриш борасидаги тажрибаси ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, жорий этилаётган тизимларнинг архитектураси, ёндашуви, бошқа мамлакатлар тажрибаси, электрон ҳукумат концепциясини амалга оширишда давлат дата-марказларидан фойдаланиш вариантлари ҳақида сўз борди.
Маълумот учун: 1975 йилда асос солинган Microsoft корпорацияси дастурий таъминот ишлаб чиқариш, инсонларнинг салоҳиятларини намойиш этишга хизмат қиладиган инновацион хизмат ва ечимларни ишлаб чиқаришда жаҳон етакчиси ҳисобланади.
Корпорация корпоратив ва индивидуал фойдаланувчилар учун кенг қамровли асбоб-ускуналар ва хизматларни тақдим этади, бутун дунёдаги инсонларга иш жойида ва уйида янги имкониятлар яратади. Қурилмалари ва хизматларига иш ўрни ва тармоқ амалий тизимлари, мижоз-сервер муҳитлари учун сервер иловалари, фойдаланувчилар учун бизнес-иловалар ва офис иловалари, интерактив дастур ва ўйинлар, дастурлаш воситалари ва интернет тармоғида ишлаш учун воситалар киради. Бундан ташқари, Microsoft интерактив (онлайн) хизматлар тақдим этади, компюьтер мавзуларида китоблар нашр этади, компюьтерлар учун периферик ускуналар ишлаб чиқаради, янги компюьтер технологияларини тадқиқ этиш ва ривожлантириш билан шуғилланади.
Корпорация 190 давлатда фаолият олиб боради. Унинг маҳсулотларини аксарият персонал компюьтерлар қўллаб-қувватлайди ва жаҳоннинг 45 тилига таржима қилинади.






