САУДИЯ АРАБИСТОНИ – ЎЗБЕКИСТОН ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ДЎСТЛИК ҚЎМИТАСИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ АҲМАД БИН МУҲАММАД АЛ-ҲОМИДИЙ БОШЧИЛИГИДАГИ ДЕЛЕГАЦИЯ УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗДИ.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон Саудия Арабистони Қироллиги билан ўзаро муносабатларни барча соҳаларда, жумладан, парламентлараро ҳамкорлик йўналишида ҳам ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратаётгани таъкидланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21 май куни Саудия Арабистонига ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очиб бергани қайд этилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хорижий мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ўтган учрашувда меҳмонларга Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистонда янгиланган ички ва ташқи сиёсат олиб борилаётгани, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, унинг халқ билан яқинлигини таъминлаш, парламентнинг ижро ҳокимияти устидан назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Тадбирда парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва уларни мустаҳкамлаш, жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Томонлар парламент делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Саудия Арабистони Қироллиги парламент делегацияси аъзолари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази ва Тошкент давлат шарқшунослик институти раҳбарияти билан ҳам учрашди.






