АсосийJamiyat

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА ДАВРА СУҲБАТИ БЎЛИБ ЎТДИ

'ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА  ДАВРА СУҲБАТИ БЎЛИБ ЎТДИ'ning rasmi

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА «БИРЛАМЧИ ТИББИЙ-САНИТАРИЯ ЁРДАМИ МУАССАСАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ: ЮТУҚЛАР, МУАММОЛАР ВА УЛАРНИНГ ЕЧИМИ» МАВЗУИДА ДАВРА СУҲБАТИ БЎЛИБ ЎТДИ.

Унда парламент қуйи палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги ҳудудий тиббиёт комиссиялари раҳбарлари, соҳага дахлдор бўлган вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсупалиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, халқимизнинг ушбу соҳадан розилигини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини таъминлаш мақсадида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 441 тез тиббий ёрдам шахобчаси ташкил этилди. Шифокорларга фаолияти тугатилган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун берилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида 126 қишлоқ врачлик пункти, 180 оилавий поликлиника «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди.

Давра суҳбатида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш йўналишидаги ислоҳотларнинг ижроси самарадорлигини таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда жорий этилган депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратининг бугунги ҳолати ва унинг натижалари танқидий таҳлил этилди.

    Бошқа янгиликлар