2017 йил 28-29 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси—маърифатли келажак пойдевори” халқаро медиа форуми“ ўтказилади.
Ташкилотчилар – Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассоциацияси (ЎЭОАВМА), “Zamon Press Info” Нашриёт уйи, “Uzbekistan Today” агентлиги, “Караван ТВ”, “Севимли ТВ” телеканаллари, ҳамкорлар – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўрта Осиёдаги ҳудудий ваколатхонаси ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.
Тадбирда миллий олимлар ва экспертлар, жаҳон фани вакиллари, музейлар, кутубхоналар, илмий институтлар ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари қатнашади.
Тадбир давомида “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” эксклюзив маданий-маърифий медиа-лойиҳанинг навбатдаги китоб-альбомлари ва ҳужжатли фильмлари тақдим этилади.
Улар қуйидаги ўзбек коллекцияларига бағишланган:
- Давлат Эрмитажи (Санкт-Петербург),
- Давлат тарих музейи ва амалий-декортатив ва халқ санъати Бутун Россия музейи (Москва),
- Россия фанлар академиясининг Шарқ қўл ёзмалари институти (Санкт-Петербург),
- И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейи (Нукус),
- Ўзбекистоннинг мусиқий санъати Россия тўпламларида.
Шу билан бирга, 2018 йилда Буюк Британия, Франция, Ҳиндистон, Россия, Турция, Чехия, Япония музейлари ва кутубхоналари билан биргаликда янги альбомларни нашр этиш бўйича истиқболли лойиҳалар белгиланади.
Медиа-форумнинг асосий гуманитар воқеаси деб Ўзбекистон Ҳукумати ва халқига совға сифатида Санк-Петербургдаги РФАнинг Шарқ қўл ёзмалари институти тўпламида сақланаётган қадимий қўл ёзмаларнинг бебаҳо факсимил нусхаларини, жумладан, Ҳусайн Бойқаронинг девонлари, машҳур “Катта Лангар”, Усмон Қуръони, “Темур қонунлари” ва бошқа ажойиб қўлёзмали манбалар намуналарини топширишнинг тантанали маросими ҳисобланади.
Нусха кўчириш Европанинг машҳур босмахонасига топширилган, ҳашаматли нусхаларда қоғознинг махсус, асл нусхага максимал даражада яқин тури қўлланилган ва табиий олтин ишлатилган.
Мазкур табдир нафақат муҳим маданий ва илмий, балки ижтимоий-сиёсий аҳамиятга ҳам эга бўлади, негаки Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнидаги ёрқин ҳодиса бўлади.
Медиа-форум доирасида шунингдек “Ўзбекистон мусиқий санъати кечаси” режалаштирилган бўлиб, унда концерт дастури билан санъат усталари ва ўзбек миллий классик мусиқаси ижрочилари чиқади.
Бундан ташқари, қуйидагилар тақдим этилади:
- “Ўзбекистон мисиқий мероси” китоб-альбоми,
- Санкт-Петербургдаги РФАнинг Пушкин уйида сақланаётган реставрация қилинган XX аср бошига мансуб ўзбек мусиқий санъати дурдоналарининг мум ғўлачаларда ёзилган илк аудио ёзувлари,
- “Россия-Культура” телеканалининг “Ўзбекистон: Ўзбекистон: кашф этилган синоатлар” ҳужжатли фильми.






