Пойтахтимиздаги Шайхонтоҳур тумани халқ таълими бўлими ташаббуси билан тумандаги 41 – сонли умумий ўрта таълим мактабида туманда жойлашган мактаб ўқувчилари ўртасида «Умид ниҳоллари – 2017» спорт мусобақалари бошланди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад, ўсиб келаётган ёш авлод соғлиғини мустаҳкамлаш, болалар ҳамда ўсмирларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этишдан иборат. Албатта ушбу мусобақаларда иштирок этаётган болаларнинг ҳаракат фаоллиги ва ақлий ривожланиши ошиб, турмуш тарзи тамойиллари, шунингдек спортни оммалаштириш ва спорт билан шуғулланишга бўлган эҳтиёж шакллантирилади.






