АсосийJamiyat

​ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯЛПИ ИЧКИ МАҲСУЛОТИ 5,3 ФОИЗГА ЎСДИ

'​ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯЛПИ ИЧКИ МАҲСУЛОТИ 5,3 ФОИЗГА ЎСДИ'ning rasmi
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботнинг кўриб чиқилиши давомида ана шундай рақамлар маълум қилинди.

Муҳокамалар жараёнида таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш ва бунга масъул идоралар фаолиятини таркибий ўзгартиришлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматимиз томонидан олиб борилган ислоҳотлар ижроси 2017 йилнинг 9 ойи давомида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантиришни ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлади.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга, саноат ҳажми – 4,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги хажми – 3,5 фоизга, хизматлар ҳажми – 6,4 фоизга, қурилиш хажми – 5,3 фоизга ўсди.

Депутатлар мамлакатимизда валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш, жумладан ўзбек сўми барқарорлигини мустаҳкамлашнинг янги механизмларини жорий этиш долзарб вазифа эканлигидан келиб чиқиб, Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини қабул қилиниши, аввало, амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилишни, валюта сиёсатини либераллаштиришни, шунингдек барча тадбиркорлик субъектига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратилишини таъминламоқда.

Ҳисоботда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган 9 ойида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида, микрофирма ва кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари 105,6 фоизга ўсди. Бу эса ўз навбатида улар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови миқдорининг ошишига замин яратди.

Шунингдек, фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан Давлат бюджетининг марказлашган инвестициялар маблағлари ҳисобидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, йўл-транспорт, муҳандислик коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ишларига жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида 2 450,0 млрд. сўм маблағлар ажратилганига эътибор қаратишди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар муҳокамаси ҳам фракция аъзоларининг эътиборидан четда қолмади. Ҳисоботда мамлакатимиз бу борада улкан патенциалга эга эканлиги бугунги кунда ушбу соҳада 3,6 миллиондан ортиқ ишчи ва хизматчилар меҳнат қилаётгани таъкидланди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 17,2 фоизни ва йиллик ўсиш эса 6-7 фоизни ташкил этади.

Истеъмол товарлари соҳасида амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган 63 та лойиҳа ҳисобига ҳар йили 140,7 минг тонна мева-сабзавот ва 10,2 минг тонна гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишланиши таъминланади.

Тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига 32 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб қилиниб, 3 та янги ва модернизация қилинган замонавий енгил саноат корхоналари ишга туширилди ва уларда 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қорамол, қўй, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳалари доирасида 285 400 та иш ўринлари яратилганлиги депутатларни бефарқ қолдирмади. Бу эса мамлакатимизда тадбиркор ва фермерлар эркинлигини таъминлаш учун нафақат иқтисодий, балки, ташкилий, ҳуқуқий шароит ва кафолатлар кўлами кенгайиб, мазкур қатлам фаолиятининг ҳар томонлама рағбатлантирилишдаги мавжуд тўсиқлар бартараф этилаётганидан далолатдир.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган йиғилиш якунида ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар.

    Бошқа янгиликлар