Ўзбекистонга ижтимоий аҳамиятли дориларни нафақат маҳаллий, балки хорижий компаниялар ҳам етказиб бериши мумкин, импорт миқдори чекланмайди. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Фармонида кўзда тутилган, дея хабар беради Norma.
Муқаддам белгиланган нархлар бўйича сотиладиган ижтимоий аҳамиятли дорилар ва тиббий маҳсулотлар импорти, Ташқи савдо вазирлиги томонидан маҳаллий улгуржи ва улгуржи-чакана савдо компаниялари ўртасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқланадиган квоталар чегарасида ўтказиладиган тендер бўйича амалга оширилар эди.
Энди тендер ўрнига Ташқи савдо вазирлиги ҳар чоракда фақат жаҳон нархлари конъюнктураси таҳлилини ўтказади ва махсус Республика комиссиясига ижтимоий аҳамиятли дорилар ва тиббиёт буюмларининг охирги йўл қўйиладиган импорт шартнома қиймати бўйича таклифлар киритади.
Таклифларни ташқи савдо, иқтисодиёт, молия, соғлиқни сақлашвазирликлари ҳамда МБ ва Давлат рақобат қўмитасининг вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ кўриб чиқади. Ишчи гуруҳ ҳисоб-китоби асосида Республика комиссияси импорт шартномалари бўйича охирги йўл қўйиладиган қийматларни белгилайди.
Бундан юқори бўлган нархларда товарни етказиб бериш бўйича импорт шартномалари тузиш таъқиқланади.
Мазкур тоифадаги товарларни фақат маҳаллий улгуржи ва улгуржи-чакана савдо компаниялари томонидан импорт етказиб берилиши тўғрисидаги талаблар ҳамда Соғлиқни сақлаш возирлиги томонидан квоталаш мумкин эмас.






