Тошкент шаҳри Учтепа тумани Абдулла Қодирий номли маҳалла фуқаролар йиғинида бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг маҳалла фаоллари ва ўқувчи ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. “Ватанпарварлик – маҳалладан бошланади” номли тадбирда ҳарбий хизматчилар ва фахрийлар мамлакатимизда ҳарбий соҳада эришилаётган ютуқлар, киритилаётган ўзгаришлар ва яратилаётган шароитлар ҳақида кенг тушунчалар бердилар.
Мамлакатимизда “маҳалла” тушунчаси Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми қатъий белгилаб қўйилган. Айни пайтда у юртимизда амалга оширилаётган “Кучли давлатдан–кучли фуқоролик жамияти сари” деган тамойилнинг ифодаси бўлиб, маънавий ҳаётимизни янада мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг онгу тафаккурини замонавий билимлар асосида шакллантириш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўтказилаётган бундай тадбирлар аввало Қуролли Кучлар фаолиятини очиқлигини ва ошкоралигини таъминлашга, ота-оналарда юрт ҳимоячиларига бўлган меҳрларини, Қуролли Кучларимиздан ғурурланиш ва ёшларимиз қалбида эса Ватанга муҳаббат, ҳарбий хизматга чуқур ҳурмат туйғуларини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Тадбирда жорий йилда бўлиб ўтган учинчи Халқаро армия ўйинларининг “Қўшин разведкаси аълочилари” танловида фахрли 3-ўринни, яқиндагина Буюк Британияда қўшин разведкачилари ўртасида бўлиб ўтган “Кембрия патрули” халқаро танловида 2-ўринни олиб қайтган Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ўз ютуқлари ҳақида гапириб беришди. Ёшларни қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоб қайтарилди.
Тадбирда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари полковник Мақсуд Абилов, подполковник Алишер Ширинов, Қуролли Кучлар фахрийси Одилжон Ражабов, маҳалла йиғини раиси Лилия Тўраходжаевалар сўзга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли жамоаси яккахон хонандаларининг ижросидаги ватанпарварлик мавзусидаги куй ва қўшиқлар тадбирга янада файз бағишлади.






