Ўзбекистон Республикасининг Лондон шаҳридаги Элчихонасида Журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” ХII Миллий мукофоти халқаро танлов ҳайъатининг қарорига биноан Буюк Британиянинг етакчи нашриётларидаги қатор туризм ва сайёҳликка бағишланган мақолалар ва “Самарқанд” китобининг муаллифи Каролина Пинкга (Эден) тантанали топширилди.
У Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, Британия туристларининг мамлакатимизга бўлган қизиқишини қондириш, қадимий тарихини, архитектура ва бошқа диққатга сазовор жойларни оммалаштиришга қаратилган аҳамиятли ҳиссалари учун мукофотланган.
Каролин Эден ўзининг фаолиятига эътибор қаратгани учун мукофот танлов ҳайъатига ўз миннатдорчилигини билдирди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ўзига хос маданияти ва бой тарихий меросини чуқур ўрганиш, унинг халқлар ўртасидаги мулоқотни, умуман олганда, жаҳон цивилизациясини ривожланишига ҳисса қўшган Буюк ипак йўлини шаклланишидаги ўрнига Британия ва Ғарб жамоатчилигининг қизиқиши ортаётганини алоҳида таъкидлади.
“Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, шунингдек, мамлакатнинг жаҳонда туризм салоҳиятини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор Ўзбекистон сайёҳлик оламида ўз ўрнини эгаллашга интилаётганини кўрсатади”, – деди Каролин Эден.
Ёзувчи Ўзбекистонга бўлган алоҳида муносабати ва “Самарқанд” китобини нашр этишдаги муваффақиятини инобатга олиб, келгуси йили “Дастархан” деб номланган янги китоб ёзишни режалаштирмоқда. Ушбу китоб Ўзбекистоннинг ноёб анъаналари ва тарихига бағишланади.






