АсосийJamiyat

​СЕНАТОРЛАР ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ҚАРШИ ЧОРАЛАР КЎРМОҚДАЛАР

'​СЕНАТОРЛАР ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ҚАРШИ ЧОРАЛАР КЎРМОҚДАЛАР'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Сенатнинг мазкур ташаббуси, энг аввало, мамлакатимизда фуқаролар меҳнат ҳуқуқларининг кафолатларини янада мустаҳкамлаш долзарб эканлиги туфайли юзага келди, деб хабар берди Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати.
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин иш танлаш, адолатли меҳнат шароитларига эга бўлишдан иборат умумэътироф этилган ҳуқуқини амалда таъминлаш учун шарт-шароит яратиб берган мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилди. Халқаро ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган мазкур асосий ижтимоий ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, қонун ҳужжатларида ўз аксини топди. Уларда болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга аниқ тақиқлар қўйилган.
Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) аъзоси бўлгани ҳолда мазкур ташкилотнинг 14 та конвенциясини, шу жумладан, болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисидаги конвенцияларни ратификация қилди. Ушбу конвенцияларнинг қоидалари босқичма-босқич миллий қонун ҳужжатларимизга имплементация қилинди.
Ўзбекистон томонидан бу соҳада ХМТ билан яқин ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, ҳозирги вақтда фуқароларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қатор чора-тадбирларни назарда тутувчи 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастури амалга оширилмоқда. ХМТ билан амалий ҳамкорлик туфайли мамлакатимизнинг халқаро нуфузи сезиларли даражада яхшиланди ва аниқ силжишларга эришилди.
Мамлакатимизда Болалар ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу йўналишдаги ишларнинг аҳволини мониторинг қилиш давлат органлари билан бир қаторда инсон ҳуқуқлари бўйича фуқаролик ва миллий институтлар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
Кўрилган чора-тадбирлар ижобий натижаларга эришиш имконини берди. Жумладан, мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат батамом йўқ қилинди. ХМТ конвенцияларига риоя қилиш борасида жиддий камчиликлари бўлган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон номи 2014 йилдан бери тилга олинмаяпти.
Сенаторлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш устуворликлардан бири сифатида белгилаб қўйилганлигини қайд этдилар. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги катта ишларнинг алоҳида энг муҳим йўналиши бўлди.
Мажлисда таъкидланганидек, мамлакатимиз халқаро мажбуриятларга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига собитқадамлик билан риоя этишини қатъий тасдиқлаган ҳолда, халқаро стандартларга мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини бундай буён ҳам таъминлашни кучли назорат остига олиб, бу соҳада амалий халқаро ҳамкорлик учун очиқ эканлигини билдирди.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ҳамда унга йўл қўймаслик ва бу соҳада фуқароларнинг ҳуқуқларини шак-шубҳасиз таъминлаш устидан қатъий назорат ўрнатиш борасидаги давлатимизнинг сиёсий иродасини ялпи мажлисда минтақалар вакиллари алоҳида эътироф этдилар.
Мажлис иштирокчилари мажбурий меҳнат хавфига йўл қўймасликка доир барча чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида ҳозирги босқичда меҳнат муносабатлари соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар яхлит ва тизимли бўлишига эришиш, давлат органлари жамоат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик борасидаги имкониятларни имкон қадар самарали ишга солишлари зарурлигини таъкидладилар.
Мажбурий меҳнат хавфига йўл қўймаслик, айниқса, қишлоқ хўжалигида йўл қўймаслик мақсадида қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, аграр секторни механизациялаш даражасини ошириш, бу соҳага инновацион технологияларни жорий этиш бўйича қатор долзарб вазифаларни ҳал қилиш зарур бўлади. Бундан ташқари, сенаторлар таъкидлаганларидек, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ва тўлиқ ахборот етказиш муҳимлигини таъкидладилар. Мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ўтказишга, аҳолининг, ташкилотлар ва муассасалар, фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари раҳбарларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бағишланган ахборот кампаниясининг ҳамда меҳнат муносабатлари соҳасидаги қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган бошқа чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш ҳам зарур.
Батафсил муҳокама якунларига кўра, сенаторлар қарор қабул қилдилар, унга кўра Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси тузилади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига тегишли ҳудудий комиссиялар тузиш тавсия этилди. Улар фаолиятининг аниқ йўналишлари белгилаб олинди. Парламент комиссияси фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, парламентнинг тизимли назоратини ўрнатиш мақсадида белгилаб олинган тартибга кўра Парламент комиссияси фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, шу жумладан, мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик билан боғлиқ Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларини бажариш юзасидан марказда ва жойларда давлат органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари фаолиятини ўрганиш натижалари тўғрисида мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлиси муҳокамасига ахборот киритиб боради. Ҳудудий комиссиялар тегишли ахборотни мунтазам равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари муҳокамасига киритиб боради.

    Бошқа янгиликлар