28 cентябрь куни Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги томонидан “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами кунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди...

Анжуманни
Маданият вазири ўринбосари К.Б.Акилова табрик сўзи билан очиб берди
ҳамда вазирлик тизимидаги таълим муассасалари, уларда таҳсил олаётган
ўқувчи ва талабалар ҳақида маълумот бериб ўтди.


Сўнг Р.Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг халқ чолғулари бўлими бошлиғи А.А.Абдураҳмоновнинг “Бугунги кунда ёшларнинг қўлга киритаётган ютуқлари” ва Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта ўқитувчиси А.Б.Мамадалиевнинг “Ўзбекистон давлат консерваториясининг келажак истиқболлари” мавзуларида маърузалари тингланди.



Маърузалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, таълим соҳасидаги муаммолар, таклифларга юзланилди. Хусусан, анжуманда иштирок этган ўрта-махсус таълим муассасалари етакчи педагоглари маданият ва санъат таълим йўналишида мутахассислик фанларига кенг эътибор қаратиб, уларга ажратилган соат ҳажмини кўпайтириш, ўқувчи ва талабаларда китобхонлик маданияти билан бирга ахборот ресурс марказларидан фойдаланиш кўникмаларини ҳосил қилиш учун алоҳида дарс соатларини ажратиш, таълим муассасаларининг директорлар кенгашини жорий этиш ва ўқув йиллик иш режасини вазирликнинг таълим йўналиши иш режасига мувофиқ тайёрлаш каби муаммоларга тўхталиб, ўз таклифларини билдирдилар.

Анжуман сўнгида вазир ўринбосари К.Б.Акилова саволлар ва таклифларга жавоб бериш баробарида байрам билан педагогларни яна бир қутлаб, келгусиишларида муваффақият тилади.








