ҚИЗИМНИНГ СОВҒАЛАРИНИ АЭРОПОРТДАН ЎТКАЗИШАДИМИ?
Яқинда турмуш ўртоғим билан бирга набираларимизни кўриб келмоқчимиз. Қизим оиласи билан Шаржа шаҳрида яшайди. У бизга совға сифатида сўнгги русумдаги плазмали телевизор, жиянига - видеокамера сотиб олмоқчи. Қайтишда аэропорт божхонасида муаммо юзага келиши эҳтимоли бор-йўқлигини аниқлаб олишимизни сўради. Бунинг учун қандайдир солиқларни тўлаш керак бўладими?
Фаррухжон Файзиев, ҳуқуқшунос:
— Адлия вазирлиги томонидан 1996 йил 10 сентябрда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш нормалари”нинг 2-бандига мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун, яъни тижорат мақсадларини кўзламаган ҳолда чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан Ўзбекистонга олиб кириладиган, умумий қиймати эквивалент ифодасида 1 000 АҚШ долларидан ошмайдиган товарларга божхона тўловлари солинмайди. Ушбу сумма бир нафар жисмоний шахс учун белгиланган. Яъни шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган совғаларнинг умумий суммаси юқоридаги лимитдан ошмаса, божхона тўловлари ундирилмайди.
Бунда Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг чекланган нормалари (Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 13 мартда 412-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг чекланган нормалари”) билан белгиланган миқдорий чеклашлар ҳисобга олинади. Уларга кўра, жисмоний шахсга ҳар бир номланишдаги видео- ва аудиоаппаратурани 1 бирликда, бироқ умуман олганда 3 бирликдан ошмаган миқдорда акциз солиғини тўламай олиб киришга рухсат берилади.
Бироқ қимматбаҳо буюмларни (телевизор, аудио-, видеотехника, заргарлик буюмлари ва б.) олиб кирмоқчи бўлсангиз, божхонада уларнинг қиймати юзасидан баҳслашмаслик учун савдо ташкилотларидан уларнинг кафолат талонлари, техпаспортлари ва ушбу товарларни идентификацияловчи бошқа ҳужжатларга нархини қайд этишларини талаб қилиш зарур. Ушбу ҳужжатлар билан биргаликда касса чеки бўлишининг ўзи кифоя.






