Ўзбекистон Президенти Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қарорга имзо чекди.
Амалдаги тартибга асосан халқ таълими муассасалари педагоглари камида 5 йилда бир маротаба ўз малакаларини оширадилар. Ўқитувчилар малака ошириш давомида мамлакатимизда ва жаҳонда педагогика, психология ҳамда ўқув фани бўйича эришилган энг янги ютуқларни чуқур ўрганиб, замонавий ахборот ва педагогик технологияларнинг имкониятларидан хабардор бўлган ҳолда уларни амалиётга татбиқ этиб келмоқдалар.
Шу билан бирга, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий институтларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг илмий салоҳияти, дарс бериш сифати бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти. Ходимлар илмий изланишлар билан шуғулланмайди, уларнинг фаолиятини ташқи баҳолаш тизими самарали йўлга қўйилмаган.
Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими самарадорлигини янада такомиллаштириш, уларнинг касбий компетентлигини доимий ривожлантириш мақсадида Нукус давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти, Жиззах давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти ва Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфига берилади.
Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтларини тегишли ҳудуддаги олий таълим муассасалари тасарруфига бериш ҳамда улар негизида Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари ташкил этилади.
Ҳудудий марказларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
халқ таълими ходимларининг методик эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг илғор шакл ва усулларини жорий этиш;
халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини такомиллаштириш юзасидан илмий-тадқиқот ҳамда ўқув-методик ишларни олиб бориш кўникмаларини ривожлантириш;
масофадан ўқитиш усуллари асосида халқ таълими муассасалари педагоглари учун ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқиш, курслардаги ўқув машғулотларини онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этишни янада такомиллаштириш;
тегишли йўналишлар бўйича фанларнинг умумкасбий ва махсус блоклари бўйича қайта тайёрлаш ва малака оширишни ташкил этиш ҳамда улар бўйича замонавий методик, ахборот-маълумотнома базасини яратиш;
буюртмачи ташкилотлар билан ҳамкорликда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини узлуксиз такомиллаштириб бориш;
ўқув-тарбия жараёнининг амалиёт билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини сайёр машғулотлар орқали замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган таълим муассасаларида ташкил этиш;
инновацион илмий ютуқларни, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни, масофадан ўқитишни, мустақил таълим олишни кенгайтиришни назарда тутувчи техникава технологияларни таълим тизимига жорий этиш.
Бугунги кунда халқ таълими тизимида жами 4916 та мактабгача таълим муассасаси, 9680 та умумий ўрта таълим мактаби, 211 та "Баркамол авлод" маркази мавжуд бўлиб, уларда жами 400 минг нафардан ортиқ педагог ходим фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида педагог кадрларни тайёрлаш бўйича 5 та давлат педагогика институти, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича 14 та ҳудудий институт фаолият кўрсатмоқда.






