-Онам 1965 йил туғилган. Укам дунёга келгунига қадар колхозда ишлаган. Укам иккинчи гуруҳ ногирони. Унинг парвариши билан банд бўлиб, онам бошқа ишламади. Иш стажининг етарли эмаслиги эртароқ нафақага чиқиши учун тўсқинлик қилмайдими?
Суҳроб Дўстмуродов, Жонбой тумани
-«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси «з» бандига асосан болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса – иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия ёши умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда яъни 50 ёшдан пенсия тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 8 сентябрь 2011 йилдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом»нинг 38-бандига мувофиқ ногиронни саккиз ёшгача тарбия қилган болаликдан ногироннинг онасига пенсия тайинлашда талаб қилинадиган 20 йиллик иш стажига ушбу Низомнинг 35-банди «а» – «д» кичик бандларида кўрсатилган даврлар қўшиб ҳисобланади.
Ушбу Низомнинг 35-банди «д» кичик бандига асосан 16 ёшгача бўлган ногирон болага қараб турилган вақт меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.
Низомнинг 35-банди «д» кичик бандида назарда тутилган давр эса Низомнинг 35-банди «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 5 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Манба: «Sug'diyona» газетаси






