Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизимини ташкил этиш тўғрисида қарор имзолади.
Қарордан мақсад истеъмолчилар ҳисоб рақамларидаги маблағларнинг назорат қилиниши, кўрсатилаётган коммунал хизматлар учун ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотни шакллантириш ва истеъмолчиларга тақдим этишнинг шаффофлигини таъминлашдир.
Қуйидагилар Ягона биллинг тизимининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
ичимлик сув таъминоти, канализация, иссиқлик, электр ва газ таъминоти хизматларини (кейинги ўринларда коммунал хизматлар деб аталади) етказиб берувчиларнинг амалдаги тарифларга мувофиқ истеъмолчиларга ҳисобни бериш ва ҳисоб рақамларидаги маблағларни назорат қилиш, ҳисобга ўтказиш ва ҳисобдан чиқариш;
электрон ҳукумат тизимлари билан интеграциялашув инобатга олинган ҳолда бутун республика бўйича коммунал хизматлар истеъмолчиларининг ягона реестрини юритиш;
коммунал хизматлардан фойдаланиш ҳолатини онлайн режимида тизимли ҳамда шаффоф мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш ҳамда тегишли ҳисоботларни шакллантириш;
истеъмолчиларга коммунал хизматлар кўрсатишни фаоллаштириш ёки тўхтатиб қўйиш юзасидан электр энергияси, газ, ичимлик ва иссиқ сувни тақсимлаш ҳамда етказиб бериш тармоғининг якуний ускунасини (ҳисоблагичларни) бошқариш;
коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида интерфаол хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, электрон тўлов тизимларидан кенг фойдаланиш.
Қарорга кўра, 2018 йил 1 августгача Ягона биллинг тизими ишлаб чиқилиб, ишга туширилади.
Коммунал хизматларни етказиб берувчилар тизимга босқичма-босқич уланади:
2019 йилнинг 1 январгача — электр ва газ таъминоти бўйича;
2021 йил 1 январгача — ичимлик сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти.






