АсосийSUG'DIYONA

«АСТМАМ БОР, НАҲОТ ФАРЗАНД КЎРОЛМАЙМАН?!»

'«АСТМАМ БОР, НАҲОТ ФАРЗАНД КЎРОЛМАЙМАН?!»'ning rasmi

«Мен бронхиал астманинг тўртинчи даражаси билан хасталанганман. Касаллигим боис бир ўзим ҳаракатланолмайман. Тез-тез нафас қисилиши безовта қилади. Гарчи астма авж олаётган бўлса ҳам соғайишдан умидим катта. Мени бир савол қизиқтираяпти. Эшитишимча, астма билан оғриганларга фарзанд кўриш тақиқларнаркан. Шу ростми? Оналик бахти менга насиб қилмайди?!»

Ирода Собирова, 30 ёш. Хорзам вилояти

Тиббиётда батамом соғайиш эҳтимоли кам бўлган хасталиклар мавжуд. Бронхиал астма шулар жумласидан. Касаллик катталар ва болаларда бирдек кузатилиши мумкин. Бронхларнинг аллергик ёки инфекцион сабабларга кўра яллиғланиши билан кечувчи ушбу сурункали касаллик потогенезида бронх шиллиқ қаватларининг шишиши, бронхлар ишлллиқ ишлаб чиқаришини кучайиши ва бронх деворларининг торайиши ётади. Астма ҳақида яна нималарни билиш лозим? Мавзу юзасидан тиббиёт фанлари номзоди, шифокор аллерголог Феруза КАРИМОВА маълумот беради.

Ўпка ишдан чиқадими?

Бронхиал астма – нафас йўлларининг сурункали тарзда яллиғланиши дея таърифланиб, юзага келиш сабабларига кўра аллерген омилларга боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган турларга ажратилади. Аллергенлар тўрт асосий гуруҳга бўлинади: уй чанглари, ҳайвон юнги, дарахт гулларининг чанги ва бошқалар. Ноаллергик сабаблар қаторида эса совуқ ҳаво, жисмоний зўриқиш, руҳий тушкунлик кабиларни кўриш мумкин. Тўғри, совуқ ҳаво, вирусли инфекциялар, ўткир ҳидлар, асабийлашиш аллерген ҳисобланмайди. Бироқ бу омиллар астма хуружига туртки бўлиши мумкин.

Ирсиятга ҳам боғлиқ

Бронхиал астманинг келиб чиқиш сабаблари орасида наслий мойилликни ҳам кўрамиз. Хусусан, атопик, яъни аллергик бронхиал астмада ирсий омиллар биринчи ўринда туради. Ота-онанинг бирида астма мавжуд бўлса, туғилажак фарзандда хасталикнинг эҳтимолий даражаси 20-30 фоизни ташкил этади. Борди-ю, ота-онанинг иккиси ҳам астматик бемор ҳисобланишса, хасталикнинг насл суриш эҳтимоли 75 фоизни кўрсатади.

(факт)

Европалик олимлар томонидан олиб борилган илмий кузатув натижаси, уй тозалашда ишлатиладиган кимёвий воситалар таркибидаги бирикмалар ҳам астма хуружини пайдо қилишини кўрсатган.

Асосий белгилари қайсилар?

Бронхиал астма – нафас сиқилиши, хуштаксимон тарзда хирилдоқ нафас олиш, йўтал ва нафас йўлларининг балғам билан тўлиши кабилар билан характерланади. Касаллик мавсум ўзгаришларида авж олиши мумкин. Хусусан, аллергенлар таъсири фаоллашган баҳор ва куз ойларида астма хуружлари кўпаяди.

Нафас сиқиши кузатилганида диафрагма соҳасида кучли оғриқ пайдо бўлади. Хуруж йўтал тутиши билан биргаликда келиб, бронхлар ички юзасини қоплаб турган балғам чиқариб ташлангач, бемор аҳволи енгиллашиши мумкин. Касаллик хуружида ўпка альвеолаларида газлар алмашинуви кескин сусаяди. Бу эса организмнинг кучсизланиши, нутқ муаммолари ва тахикардияни келтириб чиқаради.

Айрим беморларда астма хуружи жисмоний зўриқишдан сўнг кучайса, баъзилар совуқ ҳаводан нафас олганида ҳам оғирлашиб қолади. Бу организмнинг индивидуал хусусиятига боғлиқ.

Йўталаяпсизми?

Юқорида айтганимиздек, астма ёш танламайдиган касаллик. Хўш, унинг болаларда кечиши қандай бўлади?

Бир ёшга тўлмаган гўдакларда бронхиал астма, сунъий овқатлантириш, ирсий мойиллик, онанинг нотўғри таомланиши ёки боладаги юқори нафас йўлларининг сурункали аллергик касалликлари асоратида келиб чиқиши мумкин. Ёшидан ошган болаларда эса замбуруғлар ёхуд атроф-муҳитдаги аллергенлар таъсирида ривожланиши қайд этилади. Аллергик реакцияга сезгир болалар одатда бурун битиши, томоқ қичишиши (йўтал), аксириш ва бурундан рангсиз ажралма келишидан безовта бўлишади. Бу боладаги аллергик касалликлар белгиси бўлиши мумкин. Агар ота-она фарзандидаги ўзгаришларга диққат қилса, астма пайдо бўлишини тўхтатиш мумкин. Борди-ю, йўтал хуружлари фаоллашиб, тунда ҳам кузатилса, аллерголог шифокор кўриги шарт.

Катталарда-чи?

Нафас сиқиши, жисмоний юкламалардан0 сўнг нафас чиқаришнинг қийинлашиши, гапиришнинг ўзгариши, бўғилиш хуружлари – астма белгилари бўлиши мумкин. Касалликка ташҳис қўйишда шифокор умумий аҳволингиз, шикоятларингизни ўрганиб, балғам таркиби ва бурун бўшлиғи текширувини ўтказади. Ингаляцион синов ёки махсус текширувлар натижасида бронхал астма поғонаси аниқланади.

Турлари

Аллергик таъсир чақириш хусусиятига кўра моддлалар икки гуруҳга бўлинади. Экзоген гуруҳ – уй чанглари, соч бўёқлари, майда ҳашаротларнинг тана бўлаклари (чиқиндилари), парранда жуни (патлари); озиқ-овқат таркибидаги аллергенлар – цитрус мевалар, қизил рангли егуликлар, ёнғоқ, майонез, тухум, дуккаклилар, хом сут қўшилган маҳсулотлар; дори воситалари – узоқ вақт антибиотик препаратларини пала-партиш қабул қилиш натижасида келиб чиқадиган тури; инфекцион аллергенлар – микроб, замбуруғ, бактерия ва турли хил микроорганизмлар киради.

Эндоген гуруҳ – улар организмда ҳосил бўлиб, у ёки бу даражада сезувчанликни ошириш хусусиятига эга моддалар. Масалан, моддалар алмашинувининг бузилиши, эндокрин тизим издан чиқиши, ошқозон – ичак трактидаги нормал ва потологик микрофлораларнинг баланс ўзгариши.

Руҳий стресс, ирсий мойиллик, ёш ва жинс булар ҳам мойиллик омилларига киради.

Давоси нима?

Астма қанча эрта аниқланса, тўлиқ тузалиш эҳтимоли шунча юқори бўлади. Аниқланган касаллик поғонасига кўра турли дори воситалари ва физиомуолажа (нафас йўллари гимнастикаси, машқлар, сузиш ва бошқа чиниқтирувчи усуллар) лар буюрилади.

Ҳомиладорлик қандай бўлади?

Фарзанд кўришни режалаштирган аёлларда астма ҳомиладорликкача ёки ундан кейинги даврларда юзага келиши мумкин. Муолажа ана шу ҳолатларни эътиборга олган ҳолда олиб борилади.

Астма билан оғриган беморнинг ёши, нечанчи ҳомиладорлиги, касаллик даражаси, муолажа олаётган гормон препаратига қарамлик бор-йўқлик ҳолати, хуружларнинг тез-тез қайталаниши ва бошқа ҳаётий зарур аъзоларнинг шикастланиш даражасига кўра даволовчи шифокор ва гинеколог назоратида ҳомиладорликни режалаштириш мумкин.

Ҳомила юзага келгач, аёл иммун тизимида ўзгаришлар бошланади. Хусусан, астматик ҳомиладорларга эрта бошланган ва кучли токсикоз, ҳомила тушиш хавфи, муддатдан илгариги туғруқ кабилар таҳдид қилиши мумкин. Агар аёл ҳомиладорликни режалаштириб, мунтазам шифокор назоратида бўлса, нохуш оқибатларнинг олдини олишга эришилади. Ҳомиладорлик даврида аёл астма хуружларидан шикоят қилмаса, ёки улар нисбатан кам ва суст бўлса, туғруқ табиий йўл билан ўтказилади. Бўлажак она аҳволидаги жиддий ўзгаришлар ёки астма хуружларининг фаоллашиши кесарча кесиш амалиётига сабаб бўлиши мумкин.

Профилактика

Бронхиал астма ривожланмаслиги учун аллергенлардан эҳтиёт бўлинг. Уйда чанг зарралари, ҳайвонлар, кимёвий воситалар бўлмаслиги муҳим. Астма билан оғриганлар учун бир йилда икки марта сиҳатгоҳларда дам олиш тавсия этилади. Истеъмол қилинадиган озуқа маҳсулотлари ҳам аллергик таъсирлардан холи бўлиши лозим.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Бошқа янгиликлар