2017 йил 25 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақомига эга бўлди.
Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Ҳозирда ўзбек ва рус тилларидаги 42 мингдан ортиқ ҳужжат жамланган ушбу базадан рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 60 мингга яқинлашди. Бир кунда ушбу базадан 13 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахс бепул фойдаланмоқда.
Бу базадан нафақат Ўзбекистон, балки АҚШ, Россия, Германия, Испания, Хитой, Норвегия, Франция, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳам фойдаланади.
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz) веб-саҳифасининг Facebook.com ижтимоий тармоғида саҳифаси очилди.
Ҳозирда аҳоли ўртасида кенг тарқалган “Telegram” мессенджерида ҳам Lex.uz саҳифаси жойлаштирилди. Унда янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни автомат равишда етказиш бўйича махсус канал ишга туширилди. Ушбу каналга “Telegram” мессенджеридан t.me/lexuzofficial манзили орқали кириш мумкин.






