АсосийSUG'DIYONA

ҚАҲВА ҲАҚИДА 8 ТА ФАКТ

'ҚАҲВА ҲАҚИДА 8 ТА ФАКТ'ning rasmi

Қаҳванинг нима эканлиги барчага яхши маълум. Кўпчилик уни севади, айримлар эса бу ичимликсиз, умуман бир кунини ҳам тасаввур қила олмайди. Аммо қаҳва нафақат хуш ифор таратувчи, одамнинг кайфиятини кўтариб, тетиклаштирувчи ичимлик, балки бекаларга рўзғорда яхшигина асқотадиган восита ҳамдир.

  1. Ёқимсиз ҳидларни йўқотади. Бўз халтача (бир неча қават букланган дока)га аввалдан яхшилаб қуритиб олинган қаҳва қуйқасини солиб, нохуш ҳидлар юзага келиши эҳтимоли бўлган жойларга осиб қўйинг. Масалан, жавон ёки омборхонага. Ойда бир марта халтачани ва унинг ичидаги қуритилган кахва қуйқасини янгилаб турсангиз, кифоя. Бадбўй ис ҳақида, умуман унутасиз. Бордию ҳафтада бир марта қуритилган қаҳва қуйқасини музлатгичнинг токчаларига сепиб қўйсангиз, фақатгина ёмон ҳидлар йўқолмай, балки масаллиқларнинг ҳиди хам бир-бирига утиб қолмайди. Агар қаҳванинг қуйқасини бир неча қават докага ўраб, чойшаблар орасига қўйсангиз, улар беқиёс ифорга эга бўлади ва уйқу олдидан сизга ажойиб ҳислар чулгаб олади. Мабодо балиқ тозалаган бўлсангиз, қаҳванинг қуйқаси билан қўлларингизни яхшилаб ишқаланг. Нохуш ҳиддан асар ҳам қолмайди.
  2. Идишларни тозалайди. Бувиларимиз тоғора, самовар, чойнак-пиёлаларни қум билан тозалашган. Аммо қаҳванинг қуйқаси ҳам ушбу вазифани аъло даражада бажара олади. Агар у билан кулдонни тозаласангиз, тамакининг ҳиди ҳам йўқолади. Бунинг учун бир чой қошиқ қаҳва кукунига озгина сув қўшиб, бўтқа ҳосил қиласиз ва кулдонни у билан ишқалайсиз. Икки дақиқадан сўнг ювиб ташлайсиз. Кулдон янгидек бўлади-қолади.
  3. Ҳашаротлардан ҳимоя қилади. Зараркунандалар қаҳванинг исини ўлгудек ёмон кўришади. Шунинг учун яхшилаб қуритилган қаҳванинг қуйқасини ҳашаротлар кўп учрайдиган жойларга сепиб қўйиш лозим. Шунда орадан бир кун ўтмасдан, улар ўзларига бошқа «тинчроқ» бошпана излаб, уйингизни тарк этишади. Масалан, ошхонадаги чумолилардан шу усул билан қутулиш мумкин.
  4. Танамиз ва сочларимизни парваришлайди. Қаҳва қуйқасини баданимизга ва сочларимизнинг илдизларига суртамиз. 3-4 дақиқадан сўнг ювиб ташлаймиз. Қаҳва қуйқаси дўкондан сотиб олинган скраб ёки шампундек натижа беради. Яъни терини тозалайди, қуруқ ва нозик сочларни намлантириб, илдизини мустаҳкам қилади.
  5. Ўсимликларни озиқлантиради. Томорқангиз бўлса, қаҳванинг қуйқасидан экинлар учун ўғит сифатида фойдаланишингиз мумкин. Айниқса, редиска ва сабзи етиштираётганда қаҳванинг қуйқаси жуда яхши самара беради. Қаҳва билан озиқланган ўсимлик тез ҳосилга киради. Матоларни бўяйди. Шунингдек, қоғозни ҳам. Бунинг учун қаҳванинг қуйқасини бир неча қават докага ўраб, қайноқ сувга солиб қайнатасиз. Кейин ўша идишга бўялиши лозим бўлган нарсани 15-20 дақиқага солиб қўясиз.
  6. Теридан ишланган кийимларни ялтиратади. Агар тоза теридан ишланган қора ёки жигар ранг сумкангиз ва ё плашингиз ўзининг оҳорини йўқотган бўлса, қаҳванинг қуйқаси уларни «даволайди». У табиий (ҳатто сунъий) терининг чўзилувчанлигини аъло даражада тиклайди. Нам қаҳванинг қуйқасини бир неча қават докага ураб, теридан ишланган буюмингизни артинг. Ундан яна бир мавсум давомида бемалол фойдаланишингиз мумкин.
  7. Жиҳозларнинг сиртини янгилайди. Майда туйилган қаҳванинг устига оз миқдорда қайноқ сув қуйиб, бўтқа ҳолига келтиринг. Аралашмани ёғоч мебелнинг қирилган жойларига эҳтиёткорлик билан суртинг. Қирилган жойлар янгидек ялтирайди.
  8. Даволайди. Қаҳва кўпгина дориларнинг ўрнини босади хам. Айникса, шамоллашларда. Қаҳвали ингаляциялар ҳар қандай доридан тезроқ таъсир қилади. Бунинг учун бир идишда қайнаб турган сувга 3 ош қошиқ қаҳванинг кукунини солиб аралаштиринг. Кейин бошингизни катта сочиқ билан ёпиб идишга караб энгашинг. 15 дақиқа давомида кўтарилаётган ҳовурдан нафас олишингиз шарт. Қаҳванинг буғи бурун ва томоқдаги шишларни қайтаради, унинг таркибидаги эфир мойлари эса, сизга тетиклик бахш этади. Сиз унинг фойдасини илк ингаляциядаёқ хис этасиз. Аммо муолажани камида 5-7 кун давом эттириш керак.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси

Бошқа янгиликлар