АсосийShou-biznes

“САЛОМ, БОБО”. ЁХУД ИНСОНИЯТ ҚАЛБИДАГИ БЎШЛИҚ...

'“САЛОМ, БОБО”. ЁХУД ИНСОНИЯТ ҚАЛБИДАГИ БЎШЛИҚ...'ning rasmi

Таниқли режиссёр, сценарист, актёр Рашид Маликов “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг буюртмасига биноан “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан ишчи номи ­“Салом, бобо!” (Бўшлиқ) бўлган бадиий фильмни суратга олиш ишлари билан банд. Энг муқаддас туйғу — виждон хусусидаги мазкур кинокартина томошабинни бефарқ қолдирмаслиги аниқ...


Фильм ҳақида: Бош қаҳрамон қорақалпоқ йигити Сейдулла (Карим Мирҳодиев)нинг чекига анча-мунча машаққатлар тушди. У “афғон уруши”да бўлди. Қон ютиб, қон кечди. Қўлига қурол олиб, одам ўлдирди. Уруш тақозоси билан дўсти Шарап (Сейдулла Молдаханов)га қурол ўқташга мажбур қилишди. Аммо ширин жонини ўйламай, дўстига ўқ узмади. Бу баттол қилмишни ватандоши майор Назаров (Беҳзод Ҳамроев) бажаради... Душман қўлига тушган учовлон танг вазиятда қолишади. Афғонлар Шарапни тиз чўктириб, Сейдуллани дўстига қарата ўқ узишга мажбурлашади. Бошига қилич келганда ҳам бундай ишни қилолмайдиган Сейдулланинг ўрнига қотилликни майор Назаров бажаради... Урушдан юрагида харсангтош билан, жисмонан эмас, балки маънан, руҳан мажруҳ ҳолда Ватанга қайтган қаҳрамон ҳаётини изга сололмай жонҳалак бўлади. Чунки у муқаддас, деб билган эътиқодлар пуч бўлиб чиқди. Эсон-омон она юртга қайтган бўлса-да, эрта-ю кеч уруш талофотлари, ҳарбийча ҳаёт кўз ўнгидан кетмайди. Устига-устак, шахсий ҳаёти ҳам издан чиқиб улгурганди...


Фильм ҳақида маълумот олиш учун кинокартинанинг иккинчи режиссёри Баҳриддин Айназаровга мурожаат қилдик.

— Баҳриддин ака, нега айнан бу мавзуга қўл урилди?

— Мақсадимиз фильм орқали қандай вазиятда ва ҳолатда бўлишдан қатъи назар бир-бирингизга хиёнат қилманг, деган фикр­ни бериш. Йўқса, бир умр виждон азобида яшашга маҳкум бўлиш кинокартинада жуда таъсирли лавҳаларда ёритилган. Фильмга цитата сифатида “Бўшлиқ” сўзини танладик. Чунки инсоният қалбидаги бўшлиқ хусусида сўз юритилади. Бу бўшлиқ қалб яхшиликлар билан тўлдирилмаганда пайдо бўлади. ­Кинокартина ёш оилалар учун тарбиявий аҳамиятга эга, ибрат вазифасини ўташига ишонамиз. ­Боиси, фильм оиладан узоқлашиш, рафиқага беэътиборлик, фарзанддан ўзини олиб қочиш мудҳиш оқибатларга олиб келиши сингари томошабинни жунбишга келтирадиган воқеаларга бой.

— Сценарий фильмда роль ўйнаётган актёрларга атаб ёзилганми?

— Сценарий ёзилаётган вақтда режиссёр актёрлар Карим Мирҳодиев, Сейдулла Молдахановни кўзлаган лавҳалар ҳам бўлган. Шунга қарамай, киносинов бўлиб ўтди. Масалан, Сейдулла Молдахановнинг қаҳрамонига саккизта актёр киносинов топширган, лекин барибир Сейдулла ролга тасдиқланди. Шунингдек, Зулхумор Мўминованинг ролига Изроҳат Муродова, Фотима Режаметова каби олтита актриса киносинов топширган. Сценарийдаги қаҳрамонга тўғри келадиган актёрларни танлаб олдик.

— Кўп­­чи­лик фильм­ларда либослар бўйича дизайнер билан ишланмайди. “Салом, бобо”да афғон уруши даври ёритилган, шу боис либосларга ҳам алоҳида тўхталган бўлсангиз керак?

—Битта лав­ҳадан ташқари фильм­да 1989 йил воқеалари ёритилган. Табиий­ки, кинокартина қаҳрамон­ларининг либослари ўша даврга хос бўлиши керак. Табиийликни таъминлаш мақсадида кийимларни тиктирмадик, балки “Ўзбекфильм” киностудиясининг захира либослар цехидан танлаб олдик. Оёқ кийим­ларни эса сотиб олдик. Либосдан ҳам кўра “афғон уруши” давридаги биноларни тасвирлаш учун объект излаш кўпроқ қийинчилик туғдирди. Лекин изланишларимиз бесамар кетмади.


Ўзига хос далиллар:

● Сценарий муаллифлари Рашид Маликов ва К.Каримов. Адабий сценарийни режиссёрлик сценарийсига ўгириш ва бадиий кенгашнинг кўрсатмалари асосида ўзгартиришга 1 ой вақт кетди.

● Тайёргарлик жараёнига 2 ой вақт кетган.

● Суратга олиш ишлари 17 июндан бошланган, июль ойи охирига қадар давом этади.

● Умумий объектлар сони 30га яқин. Ҳар бир объект орасидаги масофа 30 километрдан 70 километргача.

● Бош қаҳрамон қорақалпоқ йигити бўлгани учун тасвирга олиш ишлари Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудудлари, Нукус шаҳри, Аёзқалъа, Тахиаташ ва Тошкентда ўтяпти.

● Бош қаҳрамон 4 та.

● 4 та тақдир, ҳаётий кечинмалар ёритилган.

● Жами ижодий гуруҳ аъзолари сони: 30 тадан ортиқ.

● Фильм тақдимоти йил якунига режалаштирилган.


Биласизми?

● Фильмда ролларни Сейдулла Молдаханов, Карим Мирҳодиев, Зулхумор Мўминова, Нигора Каримбоева, шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат академик театри актёрлари ижро этган.

● Иккинчи режиссёр — Баҳриддин ­Айназаров.

● Постановкачи оператор — Баҳодир Йўлдошев.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар