АсосийSUG'DIYONA

ГОЛЛИВУД ҚИРОЛИЧАСИ ЖЕЙ ЛО: БОЛАЛИКДАГИ МУШТЛАШУВДАН ОНАЛИК БАХТИГАЧА…

'ГОЛЛИВУД ҚИРОЛИЧАСИ ЖЕЙ ЛО: БОЛАЛИКДАГИ МУШТЛАШУВДАН ОНАЛИК БАХТИГАЧА…'ning rasmi

Женнифер Лопес — давримизнинг тирик афсонаси. Қўшиқчи, раққоса ва актриса сифатида тилга олинса-да, шу пайтгача унинг актёрлик карьераси бошқаларига қараганда омадли ва самарали бўлиб келмоқда. Женниферни Ҳолливуд қироличаси дейишади. Аммо бундан 35-40 йиллар аввал ҳеч ким бу кўримсиз, оддий қизга қараб, буюк келажакни башорат қила олмасди…

Кичиклигида ўғил болага ўхшарди

Женнифер Лопеснинг ҳаёт йўли Золушка ҳақидаги эртакни ёдга солади. Нью-Йоркнинг жанубий Бронкс шаҳарчасида истиқомат қилувчи қашшоқ оилада дунёга келган қизалоқ учинчи фарзанд эди. Асли келиб чиқиши пуэрторикалик бўлган отаси бир ширкатда компьютер устаси эди, онаси эса болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишларди. Оиланинг даромадлари жуда камтар бўлишига қарамай, ота-она қизларига яхши таълим беришга интилишди. Католик мактабида умумий таълим олиш билан бирга, Женнифер рақс мактабига ҳам қатнарди. Онаси кўчадаги бекорчи-безорилар даврасига қўшилиб қолмаслиги учун ҳам кенжа қизини шу мактабга юборарди. Чунки кичкинтой Женни жуда ўйинқароқ ва бебош бўлиб, тенгдошлари билан барча муаммоларни мушт орқали ҳал этарди. Ўзининг феъл-атвори билан ўғил болани эсга соладиган Женнифер ота-онасининг ўғил кўриш орзусини рўёбга чиқаргандек эди.

Куйлаш орзуси йўлида

Мактабда Женнифер бал рақслари бўйича катта ютуқларга эришди. Рақсга қатнай бошлаганига икки йил тўлар-тўлмас, у шаҳар миқёсидаги концертларда иштирок этадиган бўлди. Мусиқанинг эса Женниферга таъсири ўзгача эди. Ёшлигиданоқ унга сальса ва хип-хоп мусиқий йўналишлари ҳамроҳ бўлди. Оиласида ҳам куй-қўшиққа меҳр юқори эди. Ҳаммадан ҳам катта опаси Лесли яхши куйларди. Шунинг учун ҳам уни пуллик вокал курсларига беришга қарор қилишди. Жени эса опасига ҳавас қиларди. Ўзининг куйлаш орзуси ҳақида гап очганида эса онаси бунга жиддий эътибор қаратмади. Бироқ истакларидан воз кечиш қизалоқнинг табиатига хос эмасди. Бир неча кундан кейин уйда катта жанжал бўлди. Қий-чувни эшитиб югуриб келган қўшнилар қўлида ошпичоқ билан опасини қувиб юрган Женнини аранг тўхтатиб қолишди… Шундан кейин она қизиққон кенжатойига ҳам вокалдан сабоқ олишига рухсат берди.

Лос-Анжелесда ўтган 8 ой

Ота-онаси Женниферни ҳуқуқшунослик коллежига жўнатди. Бироқ у юридик идорада ишлаш баробарида балет мактабида шуғулланишни ҳам канда қилмади. Идорада ўлгудек зерикса ҳам, ота-онаси учун тишини-тишига қўйишга мажбур эди. Аммо бу 18 ёшигача давом этди. Женнифер ўзига ёқмаган ишини ташлаб, Лос-Анжелесга кетди. Аввалига шоуда рақс тушди, кейин кўплаб синовларда қатнади. Унинг турар жойи йўқ эди. Арзон клипларда суратга тушиш эса жуда кам даромад келтирарди. Шу тариқа саккиз ой яшади.

Кутилмаган омад

Бирданига (одатда шундай бўлади ўзи — айнан бирданига), кутилмаганда унга омад кулиб боқди. 19 ёшида Лопесни «Бродвейнинг олтин мюзикллари» туркуми таркибига олишди. Орадан икки йил ўтгач эса раққоса сифатида у машҳур «Тирик ёғду» мюзиклида иштирок этди.

Маҳорат мактаби

1990-йилларнинг бошида Лопесни фильмлардаги кичик образларга таклиф эта бошлашди. Аммо Френсис Форд Коппола ва Боб Рейфельсон каби машҳур режиссёрлар қўл остида ўйналган эпизодик роллар ҳам бўлажак актриса учун улкан маҳорат мактаби бўлди.

Официант йигит

«Қон ва шароб» фильмини суратга олиш жараёнида у бўлажак турмуш ўртоғи — кубалик муҳожир Ожани Ноа билан танишди. Ноа ресторанда официант бўлиб ишларди. Афсуски, бу никоҳ бор-йўғи бир йил давом этди.

«Селена»дан кейинги шуҳрат

1992 йили «Бутун гўзаллиги билан» картинасидаги ролидан сўнг Лопесга агенти актёрлик карьераси билан жиддий шуғулланиш таклифини билдирди. Кейин у «Қамоқхона камераси», «Пул поезди» картиналарида роль ижро этди. Аммо ҳақиқий шуҳрат 1997 йили «Селена» ва «Кўз илғамас жойларда» фильмларидан кейин келди.

Юлдузли онлар

1997 йилдан Женнифер Лопес ҳаётида юлдузли онлар бошланди. «Селена» фильмида у Барбара Стрейзанд ва Рита Морено каби кумирлари қаторида турувчи Селена Квинтанелла образини яратди. Шу йили у «Энг яхши актриса» номинацияси бўйича «Олтин глобус»ни ҳам қўлга киритди ва 1 миллион доллар гонорар оладиган актрисалар даражасига кўтарилди.

Худди шу йили экранларга чиққан ва энг кассабоп фильмга айланган «Анаконда»дан кейин режиссёрлар Женнифер Лопесни ўз фильмларига таклиф этиш учун навбатга турадиган бўлишди. Аммо Женнифер фақат кино билан чегараланиб қолишни истамади. 1999 йил у ўзининг дебют-альбоми «On the 6»ни сотувга чиқарди. Унда поп ва дискони, Лотин Американча мотивлар ва блюзни қўрқмай уйғунлаштирган Лопес мусиқа оламида ҳам ўз сўзини айтди. Альбом чиққан заҳоти катта шуҳрат қозонди. Лопеснинг актрисалик ва мусиқий карьераси жадал ривожланиб борарди. 2000 йилда у «Қафас» триллерида психотерапевт ролини ўйнади. 2001 йили «j.Lo» номли мусиқий альбомини сотувга чиқарди ва «Тўй ташвишлари» номли романтик комедияда суратга тушди.

Жумбоқ

Женнифернинг Бен Аффлек билан муносабатлари Ҳолливудда катта шов-шувга сабаб бўлди. Журналистлар дарҳол уларга Беннифер деб ном беришди. Барча тақдимоту тантаналарда улар бирга намоён бўлиб, оммага ўз бахтларини кўз-кўз қилишарди. «Жерсилик қиз» картинасида ҳам бирга суратга тушишди ва тўй тадоригини бошлаб юборишди. Аммо Женнифернинг бахти яна тўкис бўлмади. Улар негадир маросимни бекор қилишди. Нима сабабдан бундай бўлганини эса ҳанузгача ҳеч ким билмайди.

Оналик бахти

Аммо Лопес аёллик бахтига эришишдан умидини узмади. 2004 йилнинг 5 июнида у Марк Энтонига турмушга чиқди. 2008 йилнинг 22 февралида Женнифер Эмми ва Макс исмли эгизакларни дунёга келтирди. Бу Энтони ва Лопесга лотинамериканча мусиқани тараққий эттириш йўлидаги хизматлари учун мукофот топширилган куннинг эртасига содир бўлди.

Женнифернинг омади

Женнифер Лопес омадли ишбилармон аёл. Унга тегишли JLo by Jennifer Lopez бренди ёш аёлларга мўлжалланган либослари билан машҳур. 2005 йилда Sweetface номли янги марка кийимлари сотувга чиқарилди. 2002 йил 12 апрелда Лопес Калифорния штатининг Пасадена шаҳрида Madre’s ресторанини ишга туширди. Женнифер Лопеснинг энг омадли тадбиркорлик иши — атир-упа бизнеси бўлиб келмоқда. Унинг Glow by J.Lo ифори энг кўп сотилган атирлардан саналади.

Бизга қолса, Женнифер Лопеснинг энг катта омади — дунёга келганидир. Чунки айнан ўша куни унинг миллионлаб мухлислари учун келажакда Жей Лонинг гўзаллиги, латофатидан завқ олиш имкони туғилган эди.

  • Ҳақиқий исми: Женнифер Линн Лопес.
  • Туғилган санаси: 1969 йил 24 июль.
  • Туғилган жойи: АҚШ, Нью Йорк.
  • Ота-онаси: Дэвид Лопес ва Гваделупе Родригес.
  • Опалари: Линда ва Лесли.
  • Фарзандлари: ўғли Максимилиан Девид ва қизи Эмма Мэрибел (улар эгизак).
  • Маълумоти: католик мактабида олинган ўрта маълумот.
  • Лақаби: Жей Ло.
  • Хоббиси: J.Lo маркали либос, оёқ кийим, аксессуар ва пардоз ашёлари ишлаб чиқариш, караоке.

Шаҳина тайёрлади

Манба: «SUGDIYONA» газетаси

Бошқа янгиликлар