Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига сафари чоғида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати қурилиши билан танишган ва лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берган эди.
Ўтган қисқа вақтда қурилиб фойдаланишга топширилган мазкур масканда ўқувчиларнинг замонавий таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилди.
Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамига муносиб совға бўлган давлат умумтаълим мактаб-интернати 216 ўқувчига мўлжалланган. Муассасада 100 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали, лаборатория, кутубхона, ахборот-технологиялари хонаси замонавий жиҳозланган. Турли тиллардаги адабиётларни қорақалпоқ тилига таржима қилиш бўлими, китоблар чоп этиш учун мўъжаз босмахона фаолияти ҳам йўлга қўйилди.






