2 сентябрь, шанба куни "Заковат" интеллектуал кўрсатувининг илк қалдирғоч билимдонларидан бири бўлган Фарҳод Акбаров вафот этди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Facebook`даги саҳифасида маълум қилди.

Фарҳод Акбаров "Заковат"да 2001-2005 йилларда иштирок этган ва ўз жамоаси билан бир неча марта чемпион бўлган.
"Фарҳод Акбаров кўпчилик 'Заковат' билимдонлари сингари шахсан мен учун ҳам ҳақиқий афсона эди! Айнан уларнинг ўйинларини кўриб, уларнинг билимдонлигига ҳавас қилиб, қалбимизда 'Заковат'га бўлган меҳр, иштиёқ пайдо бўлган. 'Заковат'га дастлабки йилларидан мухлис бўлган инсон борки, ҳаммаси Фарход Акбаров жамоасининг ўйинидан роҳат олишган, ўзгача шавқ билан томоша қилишган. Дастлабки таассурот кучли бўлади, дейишади. 'Заковат'нинг илк йиллари Фарход Акбаров каби кучли билимдонлар билан бошлангани кўрсатувнинг келажаги учун катта ютуқ бўлган, деб бемалол айтиш мумкин",—деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.






