Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 26 августдаги фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманидаги Қўсжап овулида яшаётган 102 ёшли Тожигул момо Аллиярова ҳам бор.
Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов Тожигул момонинг уйида бўлиб, Президентимиз номидан онахонга давлатимизнинг юксак мукофоти – “Шуҳрат” медалини топширди, дея хабар берди УзА.
Тожигул момо бир асрдан зиёд умри давомида кўп синовлар – қатағон йиллари, Иккинчи жаҳон урушининг оғир кулфатлари, урушдан кейинги қийинчиликларни бошидан кечирди. Бутун умр қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилди. Бир ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказди.
– Бугунгидек тинч-осойишта, фаровон ҳаёт кўрмаганман, – дейди Тожигул момо. – Яратганга шукр, шундай кунларни кўриш насиб этди. Ёшлар учун барча шароит ва имкониятлар бор, тўй устига тўйлар бўлиб турибди. Илоё, юртимиз бундан-да фаровон, ёшларимиз бахтли бўлсин!
Бир асрдан ортиқ умр кўрган Тожигул момога байрам совғалари топширилди.






