АсосийJamiyat

9 ойда болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони 4,5 фоизга қисқарди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Транспорт воситасини бошқаришда телефон, теле ва видемониторлардан фойдаланиш ҳамда уларни ўзбошимчалик билан ўрнатиш тақиқлангани, хавфсизлик камаридан фойдаланишга доир талабнинг кучайтирилгани, йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун жарима миқдорининг оширилгани бу борадаги ишларни яхшилашда муҳим омил бўлаётир. Бироқ,  йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, инсон саломатлиги ва ҳаётини сақлаш мақсадида профилактика ишлари самарадорлигини ошириш муҳимлигини қайд этиш лозим. Масалан, бу борада ўқув юртларида ёшларга йўл ҳаракати қоидалари бўйича бошланғич билим берилмоқда. Умумтаълим мактабларида ёш ҳаракат хавфсизлиги инспекторлари ва ёш автоинспекторлар клублари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу клублар аъзоларининг ҳаракат хавфсизлиги бўйича халқаро танловларда муваффақиятли иштирок этаётгани улар ишининг самарадорлигидан далолат беради. «Диққат, болалар!», «Таътил», «Диққат, йўловчи!», «Яшил чироқ» каби тадбирларнинг мунтазам ўтказилаётгани болалар ва ўсмирларга йўл қоидаларини ўйин шаклида, аниқ вазиятлар мисолида тушунтиришга ёрдам бераётир, дея хабар беради ЎзА. Бундан ташқари, барча умумтаълим мактаблари ва мактабгача тарбия муассасаларида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус ўқув хоналари ташкил этилмоқда. 2015 йилгача мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида махсус автошаҳарчалар, таълим муассасаларида эса болалар йўл ҳаракати қоидалари бўйича олган билимини мустаҳкамлайдиган автомайдонлар ташкил этиш режалаштирилган. Болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатадиган ўқитувчи ва тарбиячиларни тайёрлаш, қайта тайёрлашга ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, йўлларда болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тадбирлар самарали натижалар бераётир. Мисол учун, 2013 йилнинг тўққиз ойида болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,5 фоиз қисқарган. Шунингдек, ҳалок бўлган болалар сони 1,8 ва жабрланган болалар сони эса 5,6 фоиз камайган. 

    Бошқа янгиликлар