АсосийJamiyat

Бюджет кодекси 2014 йилдан эксперимент тариқасида амалга киритилиши таклиф этилди

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган 2014 йилга мўлжалланган “Бюджетнома” – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси ва солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари [url=http://parliament.gov.uz/uz/events/committee/9867]кўриб чиқилди. 

Унда депутатлар, бир қатор вазирлик ва идораларнинг ҳамда банкларнинг раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Мажлисда мамлакат бош молиявий хужжати – 2014 йилга мўлжалланган Давлат бюджетининг лойиҳаси муҳокама этилди.

2014 йил учун солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида Давлат бюджети даромадлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21 фоизни, харажатлари 22 фоизни ва тақчиллиги бир фоизни ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, давлат молиясини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини янада мукаммаллаштириш, бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ва давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида 2014 йил 1 январдан бошлаб Бюджет кодексини эксперимент тариқасида 2014-2015 йиллар давомида синов шарти билан амалга киритиш таклиф этилмоқда, ушбу даврда унга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Бюджет кодексини амалга киритишдан мақсад амалиётда мавжуд зиддиятларни ва эскириб қолган меъёрларни бартараф этиш ҳамда амалиётда қўлланилаётган нормативларни, бюджет жараёни қатнашчиларининг ваколатларини тизимлаштиришга имкон яратадиган ягона ва тўлиқ қонун хужжатда барча бюджет жараёнини тизимли акс эттиришдир.

2014 йил учун мўлжалланган бюджет сиёсати концепциясида асосий эътибор бюджет ҳаражатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтиришга, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорларини ошириш эвазига аҳоли фаровонлигини изчил юксалтиришга қаратилган.

Ижтимоий харажатларда муҳим ўрин тутувчи таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар ЯИМга нисбатан жорий йилда кутилаётган 7,6 фоиз ўрнига 2014 йилда 7,8 фоизни, соғлиқни сақлаш тизимида ушбу йилда кутилаётган 3,2 фоиз ўрнига 3,3 фоизни ташкил этиб, баркамол ва соғлом авлодни шакллантириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурларда назарда тутилган тадбирларни молиялаштиришни тўла таъминлаш имкониятини беради.

Муҳокамаларда депутатлар 2014 йилга солиқ-бюджет сиёсати концепциясида ва Давлат бюджети лойиҳасида мамлакатни барқарор иқтисодий ўстиришнинг муҳим омили сифатида ички талабни рағбатлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилиши кўзда тутилаётганлигини алоҳида эътироф этдилар.

Шу билан бирга йиғилишда маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш ҳамда ҳудудларда ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлашга, маҳаллий ҳокимият органларининг мустақиллигини ва манфаатдорлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирлар кўзда тутилаётганлиги таъкидланиб, 2014 йилги Бюджетноманинг солиқ-бюджет сиёсати концепциясида белгиланган чора-тадбирлар ва Давлат бюджети лойиҳасида кўзда тутилган асосий параметрлар мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

    Бошқа янгиликлар