АсосийJamiyat

​Фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида 7 та эркин иқтисодий зона ташкил этилади

'​Фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида 7 та эркин иқтисодий зона ташкил этилади'ning rasmi

“Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди. Фармоннинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.

Фармон Республикамизнинг фармацевтика тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, доривор ўсимликлар хомашёсини етиштиришнинг ноёб шароитларини инобатга олган ҳолда маҳаллий доривор воситалар бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори воситалари билан тўлдириш, уларни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматли фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш асосида янги иш ўринларини яратиш ва республикамиз аҳолиси даромадларини ошириш мақсадида имзоланди.

Қуйидагилар “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

доривор ўсимликлар хомашёсини ўзига хос табиий шароитларда етиштириш ва кейинчалик қайта ишлаш борасида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш;

юқори қўшилган қийматли замонавий фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқаришни, биринчи навбатда белгиланган тартибда ташкил этилган плантацияларда етиштирилган доривор моддалар (субстанциялар) ҳамда доривор ўсимликлар хомашёси негизида ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш;

доривор ўсимликлар хомашёсини қайта ишлаш ва дори воситалари, тиббиёт буюмлари, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги замонавий ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этиш;

мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ва эркин иқтисодий зоналар ташкилотлари ҳамда республикамизнинг бошқа корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш асосида маҳаллий доривор ўсимликлар хомашёси ва материаллари негизида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;

доривор ўсимликлар хомашёси интродукция ва культивациясини ўрганиш бўйича тажриба-экспериментал лабораториялари бўлган илмий-тадқиқот марказлари ташкил этиш.

Ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг фаолият муддати кейинчалик узайтириш имкони билан 30 йил этиб белгиланган, ушбу ҳудудларда алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари амал қилади.

Фармоннинг қабул қилиниши ички бозорни кенг турдаги ҳаммабоп, сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ тўлдириш ва алоҳида ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш масалаларини ҳал этишга қаратилган.

Бошқа янгиликлар