Жорий йилнинг 20-22 апрель кунлари Чирчиқ шаҳрида “Ёш чегарачилар” мусобақаларининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамол этиб тарбиялаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида жойларда турли маданий-маърифий учрашувлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Бир неча йилдан бери мамлакатимиз миқёсида ўтказиб келинаётган “Ёш чегарачилар” мусобақаси ҳам ана шундай тадбирлар сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 20 декабрдаги Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида “Ёш чегарачилар” мусобақалари 2017 йилнинг февраль-май ойларида ўтказилиши режалаштирилган эди. Мазкур мусобақани ўтказишда Республика чегараолди ҳудудларида жойлашган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчиларини ҳарбий хизматга тайёрлаш, уларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонунини кенг тарғиб қилиш сингари эзгу мақсадлар кўзда тутилган.

Ушбу мусобақалар Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўрта махсус касб-ҳунар таълим маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида, чегараолди ҳудудларидаги ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчилар ўртасида ўтказиб келинмоқда.

Ўтган йиллар давомида ўтказилган саралаш босқичларида юртимизнинг барча чегараолди ҳудудларидаги коллеж ва лицейлардан 20 мингдан ортиқ ўқувчилар жалб қилинди. Бу йилги “Ёш чегарачилар” мусобақалари Чирчиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида, юқори савияда ташкил этилди. Мусобақаларнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Раиси ўринбосари Рустам Эминжанов, Республика Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази раиси ўринбосари Файзулла Хайруллаев ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама билим олиши, соғлом ва баркамол вояга етиши учун яратилаётган шарт-шароитлар мазкур мусобақаларнинг мақсад ва вазифалари хусусида сўз юритдилар.
Жамоалар мусобақалар низомидан жой олган сафда юриш тайёргарлиги, сафта қўшиқ билан юриш, ҳарбий варақалар, альбом ва вимпеллар кўриги, махсус устки киймлар кўриги, ижтимоий сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарлик, “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонун, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобидан савол-жавоблар ва инглиз тили бўйича тест саволлари, АКМ автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, белгиланган масофага югуриш, турникка тортилиш сингари йўналишларда ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказишди.
Шунингдек, иштирокчилар ҳарбий дала ўқув майдонида етти босқичдан иборат ҳарбийлаштирилган спорт мусобақаларида ҳам бир қатор шартлар бўйича ўз куч ва имкониятларини намойиш этишди.
Мусобақалар якунига кўра, биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг “Тинчлик посбонлари” жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Тошкент вилояти Бекобод шаҳар Саноат касб-ҳунар коллежининг “Қалқон” жамоасига насиб этди. Хоразм вилояти Хива туманидаги Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг “Жалолиддин Мангуберди авлодлари” жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндорларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Мусобақанинг ёпилиш маросими пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли санъаткорларимиз иштирокидаги куй-қўшиқ ва рақслар барчага манзур бўлди.






