Япониянинг Нагасака шаҳри яқинида барча ходимлари роботлардан иборат бўлган меҳмонхона очилди, деб хабар берди Prikolno.cc нашри.
Меҳмонхонага ташриф буюрган мижозлар рўйхатдан ўтиш учун уларнинг олдига борганда қўрқиб кетганини ҳисобга олмаганда, қолган ҳаммаси кўнгилдагидек кетмоқда.

Кейинги пайтларда барча ривожланган мамлакатлардаги турли саноат соҳаларида одамларнинг ўрнига роботлар меҳнат қилмоқда. Массачусетс технология институти иқтисодчиларининг Бостон университети ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқоти натижасида ҳар бир робот туфайли 6 та одам ишсиз қолгани, ойлик маош ҳам тўртдан уч фоизга тушиб кетганлиги аниқланди. Бошқа тадқиқот натижасида, 1990 йилдан 2007 йилгача бўлган даврда саноат роботлари туфайли 670 000 минг нафар америкалик ишсиз қолганлиги маълум бўлди. Британиялик фуқаролар ҳам роботлар туфайли келажак 15 йилда 10 миллион биританиялик ишчилар ишсиз қолиши мумкинлиги ҳақида бонг урмоқда.

Ортиқча харажатларни камайтириш, юқори натижаларга эришиш учун саноатни механизациялаштириш зарур бўлса-да, Япониядаги роботлар тараққиётда жуда илгарилаб кетди. “Henn-na” япон тилидан таржима қилинганда “ғалати” деган маънони беради. Нагасаки шаҳри яқинида қурилган Henn-na меҳмонхонаси дунёда роботлаштирилган ягона меҳмонхона ҳисобланади. Бу ерда ҳақиқатан ҳам консьержадан тортиб, хизматчиларгача роботлардан иборатдир.

Рўйхатдан ўтказиш столи олдида меҳмонларни учта робот гуманоид — қиз, қўрқинчли кўринишга эга робот-динозавр ва кичикроқ андроид кутиб олади. Дунёнинг барча тилларида мулоқот қила оладиган роботлар тўловни қабул қилади, меҳмонларга хоналарини кўрсатади, шарт-шароитлар билан таништиради. Робот-портье эса юкни номерга олиб чиқади, номерда эса роботлаштирилган қўл чамадонни очиб, кийимларни шкафга тахлайди. Тил бўйича ҳеч қандай муаммолар туғилмайди.

Меҳмонхонада калитлардан фойдаланилмайди, уларнинг ўрнига ҳар бир эшикка инсон юзига қараб, таниб оладиган махсус тизим ўрнатилган. Меҳмонхонанинг ҳар бир номеридаги тумбочка устида қизғалдоқ шаклидаги кичкина робот мавжуд бўлиб, у меҳмонларга номерда яшаш муддати давомида турли тавсиялар, консультациялар бериб боради. Мазкур робот овозли буйруқ ёрдамида чироқни ўчириб-ёқиши, об-ҳаво маълумотлари билан таништириши, эрталаб белгиланган вақтда уйғотиши мумкин.

Меҳмонхона эгаси Хидэо Савада ишчи кучининг 90 % роботлардан иборат бўлган Henn-na меҳмонхонасини “дунёнинг энг тараққий этган меҳмонхонаси” даражасига кўтаришни орзу қилади.

Henn-na меҳмонхонасида экологик томонларга ҳам жиддий эътибор қаратилган. Барча номерлар одий конденционерлар билан эмас, балки инновацион совитиш тизимлари билан жиҳозланган. Бинонинг лойиҳаси ҳаво оқими учун қулай шароит яратган, меҳмонхона қуёш батареялари орқали электр қуввати билан таъминланади.







