“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида “Uzbekistan Industrial Forum – 2017” IX халқаро саноат форуми бошланди. Анжуман олтита ихтисослаштирилган халқаро кўргазмани бирлаштирган, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа идора ҳамда ташкилотлар кўмагида «IEG Uzbekistan» кўргазма компанияси томонидан ташкил этилган тадбирнинг очилишида мамлакатимизда янги, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш корхоналарини замонавий техникалар билан қайта жиҳозлаш, инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор саноат салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Жорий йилги форум доирасида “UzMetalMash” – металлургия, металлга ишлов бериш, машинасозлик ва пайвандлаш, “UzTechTransExpo” – махсус техника, транспорт ва логистика хизматлари, “UzMiningExpo” – тоғ-кон саноати учун технология ва ускуналар, “UzChemPlastExpo” – кимё саноати, пластмасса ва каучук ишлаб чиқариш, “UzSecureExpo” – хавфсизлик тизимлари, меҳнат муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда “InterPackExpo” – қадоқлаш саноати ва омборга жойлаш ихтисослаштирилган кўргазмалари ўтказилмоқда.
Форумда Ўзбекистон, Германия, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Эрон, Беларусь, Украина, Россия, Словения, Чехия каби давлатлардан олтмишга яқин компания иштирок этаётир. Қатнашчиларнинг ярмидан ортиғини хорижий корхоналар ташкил этаётгани халқаро кооперация муносабатлари ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Тадбир шакли тасодифан танланган эмас. Ҳар хил кўргазма лойиҳаларининг қўшилиши саноатнинг асосий тармоқларини қамраб олиш имконини беради. Кўргазмаларнинг асосий мақсади ишбилармонлик мулоқотлари ва коммуникациялари учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларида замонавий саноат имкониятларини намойиш этишдир.
Тоғ-кон иши мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Хорижий иштирокчиларнинг «UzMiningExpo» халқаро кўргазмасига бўлган қизиқиши ортиб бораётгани соҳадаги халқаро ҳамкорликнинг муҳим эканидан далолат беради.
«РэйлТрансХолдинг» компанияси (Россия), Новокраматорск машинасозлик заводи (Украина), «Teknotak industrial group» компанияси(Эрон)нинг тоғ-кон ишида зарур бўладиган ускуналари мамлакатимиз мутахассислари диққатини жалб этмоқда.
«UzTechTransExpo» – махсус техника, транспорт ва логистика хизматлари кўргазмаси марказий кўргазмалардан бири ҳисобланади. Бу ерда махсус техникалар, транспорт ва логистика, омбор мажмуалари ва терминалларидан фойдаланиш хизматлари, транспорт соҳасидаги инновацион ечимлар намойиш этилмоқда.
«Ist-Batterflay» корхонаси (Ўзбекистон) томонидан намойиш этилаётган енгил автомобиллар учун тиркамалар ва цистернали автотиркамалар ташриф буюрувчилар эътиборини тортмоқда. Очиқ кўча экспозициясида Горький автозаводи (Россия), Минск автомобиль заводи (Беларусь) сингари автомобилсозлик корхоналари ўз янгиликларини намойиш этмоқда.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ташаббуси билан тузилган, халқаро стандартларга жавоб берадиган «Temiryo'l-sug'urta» қўшма корхонаси турли суғурталаш хизматларини таклиф этмоқда. Компанияда темир йўл ҳаракат тизимини суғурталаш, юкларни ҳар хил тасодифлардан суғурталаш, умумий фуқаролик касб жавобгарлигини суғурталаш каби логистик фаолиятнинг барча турларини қамраб олувчи қулай суғурталаш шартномалари ишлаб чиқилган ва жорий этилмоқда.
Экспозициянинг аҳамиятли сегментларидан бири хавфсизлик технологиялари бўйича «UzSecureExpo» халқаро кўргазмасидир. Кўргазмада саноат объектларида хавфсизликни таъминлаш техник воситалари, огоҳлантириш тизимлари, комплекс хавфсизликни таъминлаш жиҳозлари, ўт ўчириш машиналари, рациялар, шахсий ҳимоя воситалари, ўт ўчиргичлар, аудио ва видео кузатув, ақлли уй, техника, технологиялар, ҳалокат ва офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш жиҳозлари намойиш этилмоқда.
Кўргазма стендларида соҳанинг етакчи компаниялари ўз маҳсулотларини омма эътиборига ҳавола қилмоқда. “VIP Security” (Ўзбекистон), “MICROSENS GmbH & Co. KG” (Германия), «АГТ Системс» (Россия) каби компаниялар шулар жумласидан.
Мухтасар қилиб айтганда, “Uzbekistan Industrial Forum – 2017” халқаро форуми саноатчилар, бизнесменлар, давлат ҳокимияти органлари ва илмий доиралар вакилларининг ўзига хос амалий мулоқот майдонига айланиб, корхона ва ташкилотлар, инвесторлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.






