Жанубий Африкалик Крис Бертиш дунёда илк маротаба Атлантикани эшкакли тахтада сузиб ўтди, деб хабар берди “Ria.ru” нашри.
Бертиш сафарни бундан 93 кун муқаддам Марокашнинг Агадир шаҳридан бошлаган эди. У пайшанба куни Кариб денгизининг Антигуа оролида мағаллий вақт билан соат 8:32 да сафарни якунлади.
42 ёшли Крис биртаниялик кемалар конструктори Фил Моррисон томонидан унинг учун олти ой давомида махсус яратилган нархи 120 минг долларлик 6 метрли тахтада саёҳатни амалга оширди.
Тахтанинг олдинги қисмида ухлаш учун мослаштирилган кичкина каюта мавжуд. Бертиш бу ерда ухлашдан ташқари саёҳатда зарур бўладиган асбоб-ускуналар: GPS, УКВ-радио тизимларини, автопилот, йўлдошли телефонни, қуёшли панелларни, шунингдек, ичимлик сувини ҳам сақлаган. Саёҳат давомида у “акулаларга, пўртанага ва ёлғизликка” дуч келди. Бертиш кун давомида ўрта ҳисобда 69 километр йўл босди. Саёҳатнинг сўнгги кунида эса тезроқ ҳаракат қилиб, бир кунда 95 километрни босиб ўтишга муваффақ бўлди. У асосан кечаси сузди, қувватини тиклашга протеинли коктейллар, музлатилган ярим фабрикат маҳсулотлари ва қуритилган гўшт ёрдам берди.
У саёҳатни тугатишига тахминан бир соат қолганда ўзининг Фейсбук” саҳифасида “Эсимни таниганимдан бери мазкур лойиҳани амалга оширишга интилдим. Сўнгги беш йил давомида эса саёҳатни амалга ошириш учун бор-будимни тикдим”, деб ёзди.






