АсосийJamiyat

​“Тараққиёт стратегияси” Маркази ҳамда ЭОАВМА медиа майдончасининг очилиш маросими бўлиб ўтди

'​“Тараққиёт стратегияси” Маркази ҳамда ЭОАВМА медиа майдончасининг очилиш маросими бўлиб ўтди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларнинг экспертлик ва жамоатчилик муҳокамасини самарали ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, уларни мукаммал амалга ошириш, фуқаролик жамияти институтларини, экспертлар ва олимларни мамлакатимизни демократлаштириш ҳамда модернизация қилиш жараёнларига фаол жалб этиш мақсадида пойтахтимизда Тараққиёт стратегияси маркази ташкил этилди.

“Зарафшон” концет залида мазкур марказ очилиши муносабати билан тақдимот маросими ўтказилди. Тадбирда мамлакатимиз парламенти аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ва мутахассислари, мамлакатимиздаги қатор хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Тараққиёт стратегияси марказининг ижрочи директори Акмал Бурҳонов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Ж.Макгрегор ва бошқалар Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш борасида тараққиётнинг янги «ўзбек модели» эканини таъкидлади.

Тараққиёт стратегияси маркази Ҳаракатлар стратегиясидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини изчил муҳокама қилиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишда ўзига хос замонавий медиа-майдон вазифасини ўтайди.

Марказ – нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон адвокатлар палатаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциациялари муассислигида ташкил этилди.

Марказнинг халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Унинг яна бир асосий вазифаси – Ҳаракатлар стратегияси ва унинг асосидаги давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар бўйича аҳолининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, улар юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Тараққиёт стратегияси маркази Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда дастлабки медиа майдончасини ташкил қилди. Мазкур зал замонавий интерьер, ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Бу ерда Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши, янги қонун ва қонуности ҳужжатлари, мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараён жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Шу мақсадда мунтазам равишда брифинг, ток-шоу, баҳс-мунозаралар, интервью ва матбуот анжуманлари ташкил қилинади. Бу Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилиши жараёнини жамоатчилик тартибида тзимли мониторинг қилиш имконини беради.

Бошқа янгиликлар