АсосийJamiyat

​Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи умра зиёратига жўнаб кетди

'​Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи умра зиёратига жўнаб кетди 'ning rasmi

Бугун 20 февраль куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 230 нафардан иборат дастлабки (4 нафар ишчи гуруҳи, 4 нафар ошпаз, 2 нафар шифокор) гуруҳи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг замонавий авиалайнерида Саудия Арабистони Подшоҳлигига умра амалларини бажариш учун учиб кетдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмитанинг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 20 февраль кунидан 11 апрель кунига қадар ўзбекистонлик фуқароларни умра зиёратига кузатиш ва кутиб олиш режалаштирилган.

Баҳорги умра зиёратида жами 5350 нафар фуқароларимизнинг Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича 24 та чартер рейсида сафарлари ташкил этилади.

Баҳор мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 8 нафар ишчи гуруҳи, 107 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 27 нафар шифокор ва 8 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларда менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмланди. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Зиёратчиларга сафар олдидан давлат рамзлари туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, “Умра” қўлланмаси ва видеотасмалар тақдим этилди.

Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида “Масжиди набавий”дан 100-150 метр масофада жойлашган тўрт юлдузли “Нур Мавадда” меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса “Харам масжиди”дан 500-550 метр узоқликдаги “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонаси тайёрлаб қўйилган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча - 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар.

Зиёратчиларни Саудия Арабистони Подшоҳлигида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташеси ҳамкорлигида ташкил этилади.

    Бошқа янгиликлар