Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари сифатсиз ва истеъмол муддати ўтган йирик миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларининг юртимизга олиб кирилишининг олдини олишди, дея хабар беради бошқарма Ахборот хизмати.
Пойтахтимиздаги “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари темир йўл контейнерларидан бирини ўртнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказишганда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Божхона кўриги давомида маълум бўлишича, контейнерлардан бирининг ичидаги 20 тоннадан ортиқ юклар Латвиядан пойтахтимизда фаолият юритувчи маъсулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига юборилган бўлиб, улар орасидаги салкам 5 тоннаю 800 кг. шоколад ва сақичларнинг истеъмол муддати деярли 3 йил аввал ўтиб бўлган. 830 кг.дан ортиқ картошка чипсларининг истеъмол муддатига эса атиги 1 ой қолган, холос.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 13 майдаги "Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 127-сонли қарорига мувофиқ республикага олиб кириладиган озиқ-овқат товарларини белгиланган тартибда давлат тилида маркировка қилишга доир талабларга ҳам умуман риоя қилинмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган салкам 2800 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 6,4 млрд. сўмдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Шу ўринда юртдошларимиздан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармасида узлуксиз фаолият юритувчи 120-76-76 ишонч телефони орқали хабар беришлари мумкинлигини яна бир карра эслатиб ўтамиз.
Зеро, бу божхона тўғрисидаги қонун хужжатларининг бузилишининг, шунингдек мансабдор шахслар ва божхона ходимлари томонидан коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этилишининг зудлик билан олдини олиш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфатларини химоя қилишга хизмат қилади.






