2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш билан шуғулланадиган “Ривожлантириш стратегияси” маркази ташкил этилди.
“Стратегик ривожлантириш” маркази бир қатор жамоат ва давлат ташкилотлари ташаббуси билан ташкил этилди. У 2017−2021 йилларда бешта устувор йўналиш бўйича Ўзбекистонни ривожлантириш ҳаракатлар стратегияси ва “Инсон манфаатлари ва халқ билан мулоқот йили” давлат дастурини амалга ошириш билан шуғулланади. Марказни ташкил этиш Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан тасдиқланди.
ННТ мақомига эга ушбу марказ Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Президент ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Савдо-саноат палатаси, Адвокатлар палатаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Электрон ОАВ Миллий ассоциацияси (ЭОАВМА) ва ННТ Миллий ассоциацияси муассислигида ташкил этилди.
ЭОАВМАхабарига кўра, марказ фаолияти эксперт ва жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, Ривожлантириш стратегиясида кўзда тутилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мамлакатни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар ва олимларни жалб қилишда кучларни бирлаштирига қаратилган.
Унинг вазифалари қаторидан Ривожлантириш стратегиясида кўзда тутилган тадбирлар ахборот-таҳлилий мониторингини юритиш, мазкур ҳужжат доирасида амалга оширилувчи тадбирлар бўйича илғор хориж тажрибалари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар баҳоларини ўрганиш, уларнинг эксперт ва жамоат муҳокамаларида кенг иштирокини ташкил этиш ҳам ўрин олган.
Марказ Ўзбекистоннинг Ривожлантириш стратегиясини самарали амалга ошириш, жумладан, давлат дастурларида кўзда тутилган қонунлар, қонуности ҳужжатлар ва бошқа актлар лойиҳаларини тайёрлаш, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича асосли таклифларни илгари суриш билан ҳам шуғулланади.
Ривожлантириш стратегияси бўйича ҳар йиллик дастурлар лойиҳаларини тайёрлашда ҳамкорлик қилиш, унинг амалга оширилиши жараёнида тизимли жамоат мониторингини амалга ошириш ва бу ҳақда аҳолини кенг хабардор қилиш, фуқаролар фикр ва таклифларини ўрганиб, улар таклифларини қайта ишлаш ҳам марказ вазифаларидан саналади.
Марказ директори этиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхонов тайинланди. У Япония Университети битирувчиси ҳисобланиб, бир муддат давомида Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижрочи директори лавозимида фаолият кўрсатган.






