Турк армияси Сурияда янги йўқотишларни бошдан кечирмоқда. Пайшанба куни “Ислом давлати” гуруҳи жиҳодчилари билан жангларда Ал-Боб шаҳрида 5 нафар турк аскари ҳалок бўлиб, 10 нафари яраланган эди. Куни кеча ушбу ҳудудда яна 5 нафар турк ҳарбийлари ҳалок бўлди.
Euronews берган хабарларга кўра, 3 нафар турк ҳарбийлари Россиянинг ҳарбий фазовий кучлари томонидан “беҳосдан” амалга оширилган зарба оқибатида ҳалок бўлди.
Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг аниқлаштиришича, вазият икки томонга ҳам тушунарли, шу сабабдан келишмовчиликлар юзага келмади. Икки томон маълумот алмашиш механизмини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
“Афсуски, вазият очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бизнинг ҳарбийлар террорчиларга зарба бераётганда турк томонидан берилган координаталарга таянишган”, — аниқлаштирди Песков.
Унинг айтишича, Владимир Путин ўзининг туркиялик ҳамкасби Ражаб Тайип Эрдўғонга қўнғироқ қилиб, таъзия изҳор қилди.
Ал-Боб шаҳрини ДАИШдан озод қилиш операциясида турк армиясига Сурия оппозициясининг қуролли жангарилари ёрдам бермоқда. Туркия ҳукуматининг хабарига кўра, улар ўз ҳаракатларини Сурия армияси билан тўқнашувни олдини олиш мақсадида Россия билан келишган ҳолда амалга оширмоқда.






