АВВАЛО, 2,5–3 литр сувга 1–1,5 ош қошиқ қуритилган ўсимликлар (юз терингиз қуруқ бўлса, мойчечак ёки маврак, ёғли бўлса, жўка ёки ялпиз)дан солиб, қайнатасиз. Кейин сув буғига юзингизни тутасиз. Фақат бунда кўз атрофига ёғлироқ крем суртиб олишни унутманг. Бош атрофини эса сочиқ билан ўраб олинг. 10 дақиқадан сўнг сочиқча билан юз терисини артинг. Ана энди пилинг ниқобини суртсангиз ҳам бўлади.
Шакарли...
Совун кўпигини юз терингизга суртинг. Сўнгра бармоқларингизни шакарга ботириб, юзингизни 2 дақиқа массаж қилинг-да, илиқ сув билан ювинг.
Бодринг+сули ёрмаси
Бодрингни пўстидан тозалаб, майда тишли қирғичдан ўтказинг. Шарбатини ажратиб олинг. Бодринг қиридинсига сули ёрмасини қўшиб, яхшилаб эзинг. Кейин 1 чой қошиқ денгиз тузи ва бодринг шарбатидан солинг. Енгил массаж ҳаракатлари билан юзингизга суртинг. Ниқобни 10 дақиқа юзда қолдиргач, илиқ сув билан юзларингизни чайинг.
Истеъмол содаси билан
Юз терисига совун кўпигини суртиб, кейин истеъмол содаси билан массаж қилинг-да, дарров ювинг. Истеъмол содаси юз терисида кўп қолиб кетмаслиги керак.
Гуруч+творог+зайтун ёғи
1 ош қошиқ гуруч уни ёки гуручни қаҳвамайдалагичда эзиб, худди шунча миқдордаги зайтун ёғи билан аралаштиринг. Кейин 1,5 ош қошиқ творогга аралашмани қўшинг. Нам юз терисига суртинг ва албатта, массаж қилинг. 5 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювинг.






