8 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигида Қувайтга расмий ташриф билан келган делегация Қувайт Давлати Бош вазири шайх Жабер ал-Мубарак ал-Ҳамад ас-Сабаҳ томонидан қабул қилинди.
ТИВ раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг энг самимий тилакларини Қувайт раҳбариятига етказди, дея хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг, аввало савдо-иқтисодий, инвестицион соҳалардаги алоқаларнинг ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон-Қувайт мулоқотини фаоллаштириш жараёни ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш ва унга узоқ муддатли тус бериш учун ҳақиқий имконият очади.
Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа икки томонлама ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек шу куни Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Ал-Қувайт шаҳрида Қувайт Давлати Миллий мажлиси Раиси Марзуқ Али Муҳаммад ал-Ғаним билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон-Қувайт муносабатларини чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари ҳамда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида таъкидланганидек, Миллий мажлисда фаолият олиб бораётган парламентлараро “Қувайт-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришда кўмак бермоқда.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қувайт ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари Абдулазиз Камилов Қувайт Давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ташқи ишлар вазири шайх Сабаҳ ал-Холид ал-Ҳамад ас-Сабаҳ билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон ва Қувайт ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди доирасидаги музокараларда икки томонлама ва халқаро кун тартибдаги бир қатор масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Вазирлар Ўзбекистон ва Қувайтнинг ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон-Қувайт алоқаларини савдо, инвестиция ва бошқа соҳаларда ва истиқболли йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда изчил ривожлантириш йўлларини ишлаб чиқиш учун мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Ўзбекистон томони Тошкент шаҳрида “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунйодкорлик йўли” шиори остида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида Ўзбекистон раислигининг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлагани учун Қувайт томонига миннатдорчилик билдирди.
А.Камилов Қувайт ТИВ Раҳбарини ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.
Учрашув якунларига кўра олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим, дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисида Битим ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қувайтнинг араб иқтисодий тараққиёт фонди (ҚАИРФ) ўртасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашинув Меморандуми имзонланди.
Мазкур Меморандум умумий қиймати 60 млн. АҚШ доллари бўлган ижтимоий лойиҳаларни келгуси йилларда молиялаштиришда ҚАИРФнинг иштироки кўзда тутади.






